ЎзА Ўзбек

08.05.2018 18:52 Чоп этиш версияси

Нидерландияда мангу қолган ўзбек ўғлонлари

Нидерландияда мангу қолган ўзбек ўғлонлари
www.uza.uz сайтида “Фашистлар 101 нафар ўзбекни Амерсфорт дўзахи азобига маҳкум қилган” мақоласи эълон қилинган эди. Мазкур материалда билдирилган фикрлар, маълумотлар кўпчилик сайт фойдаланувчилари томонидан кенг муҳокама қилинди. www.uza.uz веб сайти таҳририятига мавзу доирасида кенгроқ маълумот бериш борасида таклифлар келди. Ўқувчилар талабларини инобатга олиб, Нидерландиянинг ўзидан журналист Шариф Ахмедов томонидан махсус материал тайёрланди. 

ТАҲРИРИЯТ.
 Нидерландиядан ЎзА учун махсус 

Ўзбекистон пойтахти Тошкент билан Нидерландиянинг олис Леусден (Leusden) шаҳарчаси оралиғи тақрибан 4800 километрни ташкил этади. Бу масофани бугун учоқ билан 6 соат миёнасида босиб ўтиш мумкин. Аммо 1941 йил 22 июнидан Совет Иттифоқига қарши фашистлар Германияси бошлаб юборган аёвсиз урушнинг дастлабки палласидаёқ асирга олинган ва аксари ўзбекистонлик бўлган 101 нафар навқирон йигитлар учун бу чақиримларнинг Оврўпа қисми мисли кўрилмаган азоб уқубатларга лиммо-лим бўлган эди. 

СОДИҚЖОН УСМОНОВ.jpgФашистлар ваҳшийлиги — ўзбек фарзандларининг бошига тушган

— 1941 йилнинг 27 сентябри куни Амерсфоорт темир йўл шоҳбекатида юз чоғли ғаройиб, мўғулсифат одамлар пайдо бўлди, – деб хотирлаган эди шаҳар фуқароларидан бири. – Озиб-тўзиб кетган, оч-наҳор бу оломонни қуролли олмонлар ваҳшатли итлари билан қуршовга олганди. Узоқ йўл машаққатига дош бера олмаган биттаси шоҳбекатнинг ўзидаёқ жон таслим қилди. Қолганларини эса шаҳар кўчалари бўйлаб Леусден тарафга ҳайдаб кетишди. Олмонлар, афтидан, улардан бир ташвиқот сифатида фойдаланмоқчи эди, яъни кўриб қўйларинг, биз мана шу “Üntermensch”лар (“чала одамлар”) билан, ёвуз мўғул ва қизил аблаҳлар билан жанг қиляпмиз, уларнинг яшашга ҳақлари йўқ, қабилида фойдаланаётган эдилар.

Концлагерга олиб келингач, “руслар” очиқликда ўрнатилган қафасда 15 кун қип-яланғоч қолдирилади. Шу вақтда худди ҳайвонот боғида олинаётган каби фашистлар бир ташвиқот фильми суратга олишга ҳаракат қилишади. Яъники, очлик ва совуқдан ўлаёзган маҳбусларга нон улоқтириб, уларнинг бир-бирлари билан жиққа-мушт бўлишларини тасвирга туширмоқчи бўлишади. Аммо қафасга нон бурдалари улоқтирилиши билан базўр ҳаракатланаётган маҳбуслар нон бўлакларини ўзаро аста тақсимлашади. Оқибат, бундан фойда камлигини кўргач, уларни сўнгроқ алоҳида баракка жойлаштиришади.

Ўрта осиёлик ушбу асирларга доир сақланиб қолган танқис маълумотларга кўра, аксари ўзбек, қолганлари эса қозоқ ёхуд қирғиз бўлган совет маҳбуслари бутун қиш давомида алоҳида қийноқларга тутилган, чалажон ҳолга келиб қолганлари сабаб бошқалар қатори ҳатто мажбурий меҳнатга жалб этилмай ҳам қўйилганди. Асирларнинг учдан бир қисми қишдан омон чиқмади. Уларнинг бир қанчаси тиббий тажриба қурбони бўлишган. Қолган 77 нафарини ҳам ўлик ёки тирик эканини айтиш мушкул эди. Чунки улар баракдан ташқарига чиқмай қўйишган, айримларини ташқарида базўр оёқ судраб юрганини аҳён-аҳёнда кўриш мумкин эди.

“Ташвиқот вазифасини етарлича бажара олмаган бу хомашё” SS раҳбарияти буйруғига кўра кўп ўтмай йўқ қилинади – 1942 йилнинг 9 апрель тонг қоронғусида улар шу яқиндаги ўрмонда саф-саф қилиниб, орқа мияларидан отиб ташланади. Бунга ҳам қаноат қилинмасдан, жасадларга ёниб турган оҳак қуйилиб, жиноят изларини бутунлай йўқотишга ҳаракат қилишади. Ҳозир бу аскарлар қатл этилган ўша жойда махсус ёдгорлик — Monument Koedriest ўрнатилган.

4c00f4f2-b747-4781-93d9-81a282c29d96.jpg

Ўрта осиёлик навқирон йигитларнинг ўз она юртидан олисларда якунига етган аянчли қисмати, бир томондан, аксилинсоний мафкурага асосланган фашистлар Олмониясининг ҳадсиз ваҳшийлигидан дарак берса, бошқа тарафдан эса, ўз халқига нисбатан қабоҳати бундан кам бўлмаган Сталин тузумининг жинояткорона уқувсизлиги тимсолидир. Зотан, бутун жамиятда бўлгани каби мамлакат қуролли кучлари ичида ҳам ўтказилган аёвсиз қатлиом армияни амалда яроқли саркардаларсиз қолдирган ва урушга ем қилинган ушбу 101 аскар — миллионлаб қурбонлар денгизидан атиги биргина томчи эди.

Ўзбекистонлик қурбонларнинг яқинларини излаб топиш масаласи ҳамон мураккаблигича қолмоқда... 

Нидерландия ҳудудидаги ўлим жамлоқларида ҳалок бўлган совет аскарларига алоҳида мақом бериш мақсадида урушдан
кейинги йилларда шу қабристоннинг ўзида махсус шон-шуҳрат ҳиёбони ташкил этилади ва мамлакат бўйлаб аниқланган 865 нафар қизил аскарларнинг жасадлари олиб келиниб, шу ерда яна бир карра қайта дафн этилади.

Табиийки, улар орасида бир юз бир нафар Ўрта осиёликлар ҳам бор. Яқин йилларга қадар бу аскарларнинг кўплари ҳақида тайинли маълумот бўлмаган, шўролар юртида қолган уларнинг яқинларига эса аксар ҳолларда “бедарак йўқолган” қабилидаги бир парча қоғоздан бошқаси раво кўрилмаган. Аммо нидерландиялик тадқиқотчи-журналист Ремко Рейдинг кўп йиллик изланишлари самарасида шу пайтга қадар икки юздан зиёд марҳумларнинг яқинлари улар тақдиридан бохабар бўлди. Уларнинг кўпларига урушда бадар кетганлар қабрини зиёрат қилиш насиб этди. Бироқ айнан ўзбекистонлик қурбонларнинг яқинларини излаб топиш масаласи ҳамон мураккаблигича қолаётгани айтилмоқда. 

c0492d70-463c-486d-8e92-ecb4fe5c868e.jpg

Эътиборлиси яна шундаки, айнан Ремко Рейдинг каби жонкуярлар саъй-ҳаракатлари билан ҳар йили 9 апрель ва 4 май — Хотира кунида 101 нафар марҳум юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириш мунтазам анъанага айланди. Бу кунлари тонг саҳарда юзлаб ҳолландлар ёдгорлик қошига келиб, гул ва шамлар қўйишади, ушбу қурбонлар шарафига нутқлар сўзлашади.

Ўзбекистоннинг Бельгия қироллигидаги элчиси Дилёр Ҳакимов шу йил 9 апрель куни хотира маросимига ташриф буюрганлиги хабар қилинди. Бу эса, аксари ўзбек фарзандлари бўлган ўша қурбонлар номларини тиклаш ва уларнинг Ўзбекистондаги яқинларини излаб топиш ишларига туртки бўлади, деган умидларни уйғотган. Қолаверса, Ўзбекистон Оврўпанинг олис бир четида қолган ўз ўғлонларини унутмаганлиги тимсоли ўлароқ, Ҳолландия заминида чинакам ўзбекона ёдгорлик барпо этилиши масаласи ҳам кун тартибида қолмоқда. 

Шарифжон Аҳмедов, 
Нидерландия.

15 439