ЎзА Ўзбек

13.04.2020 Чоп этиш версияси

Нидо

Нидо

Деразадан ою қуёш боқади лол,
Рубьи маскун ҳайратдадир, бу қандай ҳол,
Инсон зотин эзиб ташлар битта савол:
“Бу қандай дард, бу қандай ғам, сирин билинг”,
Азизларим, фикр қилинг, уйда қолинг.

Айни наврўз кунларида бўлдик карахт,
Сумалаклар қайнатмоқ ҳам экан-ку бахт.
Қирқ томирим титраб бугун айтмоғим шарт:
Асранганни асрагайдир, сабр қилинг,
Жоним болам, жонтомирим, уйда қолинг.

Бесабаб бир тикан солмас қулларга хавф,
Аввал инсоф, диёнатдан кетдими дарз,
Бу кунлар ҳам авлодларга имтиҳон, дарс.
Имонимиз покламоқни имкон билинг,
Диндошларим, имон ҳаққи уйда қолинг.

Улуғ элмиз олис йўлни босиб ўтган,
Қанча оғир довонлардан ошиб ўтган,
Сабр-мурод манзилига омон етган.
Авлиёлар дуоларин тумор билинг,
Элдошларим, шу эл учун уйда қолинг.

Тожли вирус тождорларни ўйга солди ,
Бани башар бир дардга, бир кўйга солди,
Эшикларни маҳкамлади, уйга солди.
Бошни адл кўтаргаймиз, умид қилинг,
Жондошларим, шу юрт учун уйда қолинг.

Бежиз эмас, дилда гина асрадикку,
Бир-бировдан меҳрни ҳам аядикку,
Онадан ҳам миннатли ҳол сўрадикку.
Мард бўлайлик, ортга боқиб, иқрор бўлинг,
Қондошларим, миллат учун уйда қолинг.

Бугун Нуҳнинг кемасига ўхшар жаҳон,
Унда бордир ҳар миллатдан вакил инсон,
Ер ёрилиб, осмон ёниб кетмай шу он –
Қадрнинг ҳам қадрин билинг, иззат қилинг,
Дилдошларим, бирдам бўлинг, уйда қолинг.

Юрт эгаси асраш учун қилгай даъват,
Йўқдан бордир бўлаётган имкон, шиддат,
Наҳот бахтли кунлар учун сабр қаҳат.
Шу юрт учун хоҳи кўнманг, хоҳи кўнинг,
Юртдошларим, қалқон бўлинг, уйда қолинг.

Ҳақ қўлласин боболардан қолган юртни,
Алп ўғлондай, сулув қиздай тўлган юртни,
Доим ғолиб, доимо мард келган юртни.
Тиловчимиз, тилагаймиз: ойдай тўлинг,
Бир илтимос, битта ўтинч, уйда қолинг,
Худо хайрингизни берсин, уйда қолинг!

3 319
Сайёра Тўйчиева, ЎзА