ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Ниқобсиз юрманг, жавобгарлик бор

Ниқобсиз юрманг, жавобгарлик бор
Фарғона вилоятида жамоат жойларида ниқобсиз юрган фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилмоқда.

Жумладан, 2020 йил 25 март куни Қувасой шаҳар “Дўстлик“ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фуқаро Ш.А. тиббий ниқоб тақмасдан юрганлик ҳолати аниқланган. Қувасой шаҳар ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, фуқаро Ш.А. ҳуқуқбузарлик фактини инкор қилганлиги учун тўпланган материаллар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 245-моддаси 2-қисми тартибида кўриб чиқиш учун Қувасой шаҳар маъмурий судига юборилган.

Ишни судда кўриш давомида ҳуқуқбузар Ш.Анинг содир қилган ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари судда аниқланган ҳолатлар ва иш материалларида тўпланган далиллар билан ўз тасдиғини топди. Суднинг қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси (карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш) билан ҳуқуқбузарга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида 223 минг сўм жарима жазоси тайинланди.

Судда ҳуқуқбузарнинг айбига иқрор ва пушаймон бўлгани, келгусида бу каби ҳуқуқбузарликларни содир қилмасдан, карантин даврида белгиланган тартибга амал қилиб, жамоат жойларида тиббий ниқобдан тақиб юриши ҳақидаги кўрсатувлари унга нисбатан жазо тайинлашда енгиллаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланди.

662
М. Сулаймонов, ЎзА