Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

10.09.2018 11:10 Чоп этиш версияси

Нега жамоат транспортларига видеорегистратор ўрнатилмоқда?

Нега жамоат транспортларига видеорегистратор ўрнатилмоқда?

Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори билан ҳар ҳафтанинг жума куни “Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни” деб белгиланган.

Тошкент вилояти ЙҲХБ томонидан ўтказилган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни”да йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи 45 та юридик шахс, 14 та автомобилларга газ қуйиш шохобчаси ва 22 та автотурагоҳда жамоатчилик вакилларини жалб этган ҳолда ҳайдовчилар ва масъул ходимлар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўлларда ҳаракатланиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича тарғибот суҳбатлари ташкил этилди.

Тарғибот кунида қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда 23 та жамоат транспортига видеорегистратор ўрнатилди. Бу автомобиль йўлларида ҳайдовчилар томонидан содир этилаётган қоидабузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ўз навбатида жисмоний шахсларга тегишли бўлган ва хонадонларда йиллар давомида фойдаланиш учун яроқсиз ҳолда бўлган 16 та транспорт воситаси аниқланиб, ўрнатилган тартибда ДЙҲХ хизмати рўйхатидан ўчирилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирлар давомида йўловчиларни лицензиясиз ташиш билан шуғулланаётган 37 нафар ҳайдовчи аниқланиб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.

Улуғбек Асроров, ЎзА