Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.08.2018 11:29 Чоп этиш версияси

Нега такрор-такрор алданаверамиз?

Нега такрор-такрор алданаверамиз?

Муқаддам судланган фуқаро Гулмурод Турғунбоев (исм-фамилиялар, жой номлари ва атамалар ўзгартирилган) қилмишларидан тўғри хулоса чиқармади. Бундайлар ҳақида халқимиз “Ҳассасини иккинчи бор йўқотди“, дейди.

– Фуқаро Мақсад Маъмуров Гулмурод Турғунбоев раҳбарлигидаги “Медиа таъмир” хусусий корхонаси томонидан 2-мавзедаги бир неча уйда амалга оширилган таъмирлаш ишларида ноқонуний ўзлаштириш ва талон-тарож қилиш жиноятлари содир этилганини ёзма равишда маълум қилди, – дейди Гулистон шаҳар прокурори Сарвар Бозоров. – Ушбу мурожаат юзасидан суриштирув ўтказилди. Тегишли тартибда қўзғатилган жиноят иши юзасидан дастлабки текширув ҳаракатлари олиб борилди.

“Медиа таъмир” хусусий корхонаси раҳбари, муқаддам судланган фуқаро Г.Турғунбоев ўзгаларнинг мулкини талон-тарож қилиш ва бошқарув тартибига қарши жиноятларни қуйидаги ҳолатда қасддан содир этиш ҳаракатини амалга оширган. Хусусан, “Медиа таъмир” хусусий корхонаси раҳбари сифатида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, ноқонуний йўл билан бойлик орттириш мақсадида, буюртмачи “Сой бўйи” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати билан 2015 йил 13 июль санасида Гулистон шаҳрининг Алишер Навоий шоҳкўчасида жойлашган 124, 136-уйлар, Улуғбек кўчасидаги 1- ва 10-уйларни жорий таъмирлаш тўғрисида 7-шартномани тузади. Ишни бошламасдан олдин 65 миллион 73 минг 259 сўм маблағни хусусий корхонаси ҳисоб рақамига ўтказишга эришади.

2015 йилнинг август-сентябрь ойларида “Медиа таъмир” хусусий корхонаси қурувчилари уйларни таъмирлаш учун жами 61 миллион 676 минг 331 сўмлик иш бажарилди, деб амалда бажарилмаган иш учун 27 миллион 263 минг 451 сўм маблағни далолатномаларни сохталаштирган ҳолда қўшиб ёзади ва сохталаштирилган ҳужжатларни ширкатга тақдим этади. Ширкат томонидан тўланган суммани сохталаштирилган ҳужжатлар бўйича яна 3 миллион 396 минг 928 сўм, жами 30 миллион 660 минг 379 сўм маблағни мансаб мавқейини суиистеъмол қилган ҳолда, ўзганинг маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилади.

Бугунги шиддатли замонда ҳар қандай “қинғир ишнинг қийиғи“ чиқиши учун 40 йил кутиш шарт эмас. Г.Турғунбоевнинг қилмиши 3 йилда фош бўлди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. “Хўш, бу жиноятнинг келиб чиқиш сабаби қаерда? Кимдир ўзганинг ҳақини ўзлаштириб, талон-тарож қилса, ҳужжатларни сохталаштириб, текин даромад орттирганини нега оддий фуқаро Мақсад Маъмуров сезади-ю, ўша суммани ўтказиб бераётган ширкат раҳбарлари билмайди?”

– Бу жиноятнинг келиб чиқиш сабаби, аввало, нафақат оддий фуқаролар, балки масъул лавозимда ишлаётган мансабдор шахслар ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқини билмаслиги, билими саёзлиги, энг ёмони, давлат мулки талон-тарож бўлишига, нопок йўл билан ноқонуний равишда ўзлаштириб олинишига лоқайдлиги туфайли келиб чиқмоқда, – дейди Гулистон шаҳар прокурори Сарвар Бозоров. – Айнан бу жиноятнинг келиб чиқиши хусусида тўхталадиган бўлсак, “Сой бўйи” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати аъзолари ва пудратчилар ўртасида тузилган шартномага асосан, уйлар таъмири якуни бўйича бажарилган иш ҳақидаги далолатномаларни етарли билимга эга бўлмаган ҳолда қабул қилиб олиши, назорат ўлчови ўтказишни ташкиллаштирмаслиги ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ташаббуси ёки фуқароларнинг эътирози асосида ўтказиладиган назорат ўлчовларида аниқланган қонун бузилишлар сабаб бўлган.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА