ЎзА Ўзбек

26.07.2018 14:00 Чоп этиш версияси

Нега Самарқанд вилоятида ажримлар кўпайиб бормоқда?

Нега Самарқанд вилоятида ажримлар кўпайиб бормоқда?
Жорий йилнинг олти ойида вилоятда 1601 оила суд орқали ажрашган

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташаббуси билан никоҳ ва оила муносабатларига бағишланган учрашув ўтказилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди ва Самарқанд шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда судьялар, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Самарқанд шаҳар бўлими ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, хотин-қизлар қўмиталари мутахассислари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров, Самарқанд шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Раҳмонова, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раиси ўринбосари Б.Норов оила ва никоҳ масалалари халқимизнинг энг ноёб қадриятларидан бири бўлиб, бу қонунларимизда ҳам ўз ифодасини топганини таъкидлади. Кейинги йилларда мамлакатимизда оила институтини янада такомиллаштириш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ хотин-қизлар қўмиталарининг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда оилаларни мустаҳкамлаш, ёшларни оилага тайёрлашга оид ваколатлари кенгайтирилди. Маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис штати жорий қилинди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва жойларда унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.

– Оила жамият ва давлат ҳимоясида экани тўғрисидаги конституциявий тамойил юртимизда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар асосини ташкил этади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров. – Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида ҳам бу яққол ўз ифодасини топган. Лекин шу пайтгача мазкур йўналишда барча давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорликда иш олиб бормагани, оила масаласига етарлича эътибор қаратилмагани туфайли оилавий ажримлар йилдан-йилга кўпайди. Самарқанд вилоятида ҳам жорий йилнинг биринчи ярмида 1601 оила суд орқали ажрашган. Бу рақамлар ортида қанча инсонларнинг, ёш болаларнинг тақдири турганини унутмаслигимиз лозим.

Йиғилишда оилавий ажримлар оқибатида юзага келган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари, ёшлар таълим-тарбиясидаги камчиликлар мисоллар орқали таҳлил этилди. Диний идоралар вакиллари, маҳалла фаоллари ёшларни оилага тайёрлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар, қайнона-келин муносабатлари, оилавий ажримларнинг олдини олиш юзасидан фикр-мулоҳаза билдирди.

Тадбир якунида фуқароларнинг мурожаатлари эшитилди ва очиқ суд мажлислари ўтказилиб, ажралиш арафасида турган бир нечта оила яраштирилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА
5 552