ЎзА Ўзбек

11.07.2020 Чоп этиш версияси

Нега ниқоб тақяпсиз?

Нега ниқоб тақяпсиз?

"Саводхонлик шахснинг фазилати, маънавияти, масъулиятидан далолатдир. Саводхонликка амал қилмаслик, шунчаки, имло қоидаларини бузиш эмас, балки мантиқий номувофиқликларга, фикрнинг нотўғри ифода этилишига олиб келади".

"Янги Ўзбекистон" газетасида чоп этилган "Тил ва тафаккурнинг олтин занжири" сарлавҳали суҳбатда ана шундай мулоҳазаларни ўқийсиз.

Унда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, филология фанлари доктори Зулхумор Холмонова "Гижжани даволаймиз!" деган эълонга эътиборимизни қаратади.

"Ахир гижжа даволанмайди, гижжадан халос этилади. Бу каби мисолларни радио ва телеканалларимизда берилаётган кўплаб реклама ва эълонлардан ҳам келтиришимиз мумкин" дейди олима.

"Ниқоб тақинг, ижтимоий масофани сақланг, шахсий гигиенага амал қилинг, деб қачондан буён бонг урилади. Бироқ уларга амал қилиш ҳали ҳам ўлда-жўлда" дейилади "Халқ сўзи" газетасида чоп этилган Абдулазиз Йўлдошевнинг "Ўз саломатлигимизга, аввало, ўзимиз масъулмиз" сарлавҳали материалида.

"Масалан, кўча-кўйда бир эътибор беринг. Айримларнинг ниқобни иягига тушириб олганини кўрасиз. Айтинг, бундай сохтакорликнинг нима кераги бор?! Тиббий ниқоб тақишдан мақсад касалликдан ҳимояланиш эмасми?! Бу аслида ҳар кимнинг ўзи учун керак эмасми?.."

"Овози тожик" газетасида Фарғонадаги "Иброҳимжон гиламлари" хусусий корхонаси фаолияти ҳақида Мирасрор Аҳроровнинг мақоласи босилган. Унда ўтган асрнинг 90 йилларида иш бошлаган хусусий корхона ҳозирги кунда Туркия, Италия, Франция, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва АҚШ мамлакатларига маҳсулот экспорт қилаётгани қаламга олинган.

Ўзбекистон харитасига қарасангиз, мамлакатимизнинг энг шарқий ҳудудлари – Бўстонлиқ туманининг Угом-Чотқол тоғлари эканини кўрасиз. Бу ернинг одамлари ҳар куни табиат мўъжизасига гувоҳ бўлиб яшайдилар. Қандай дейсизми?  "Тошкент ҳақиқати" газетасидаги "Бўстонлиқда бир бўстон бор" сарлавҳали материалдан ушбу саволга батафсил жавоб топасиз.

"Ҳамроҳларимиз билан илонизи йўлларни оралаб, қушқўнмас даралардан ўтиб, "Чорвоқ" сув омборининг ўнг қирғоғидан тахминан 50-60 чақирим йўл босдик" деб ёзади мақола муаллифи Абдусаид Бобокалонов. "Йўлда пост бор экан. Ажабланганимни кўрган шеригим секин изоҳ беради: "Шу ердан ёввойи табиат – "Угом-Чотқол" миллий табиат қўриқхонаси бошланади. Овчилар ва браконерлар жонзотларни ов қилмаслиги учун йўловчи машиналар қаттиқ текширилади...” дейилади мақолада.



***

Янги рукн ва мақола ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.

ЭСЛАТМА: эртага ҳафта давомида матбуотда қайси мавзулар қандай ёритилганини "Халқ сўзи" ва "Народное слово" газеталари бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари Жамолиддин Тўхташев шарҳлайди.



4 558
ЎзА