ЎзА Ўзбек

16.01.2019 08:20:30 Чоп этиш версияси

​Нега Наманганда 59 минг нафар ёшлар, 55 мингга яқин аёллар ишсиз?


“БИР САВОЛГА БИР ЖАВОБ”

“Бир саволга бир жавоб” лойиҳасининг аввалги меҳмони Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров “Ўзбекистонда дарсликларнинг сотуви қандай мезонлар асосида йўлга қўйилади?”, деган саволга жавоб берган эди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур лойиҳада мамлакатимиз вазирлик ва идоралари раҳбар ходимлари, вилоят ҳокимларининг ЎзА саволига жавоблари бериб борилади.

Лойиҳанинг галдаги меҳмони

a531c5ea-33f2-41e7-bf8d-d6e0254d5750.jpg

Хайрулло Бозоров,
Наманган вилояти ҳокими 

– Наманган вилоятида ишсизлик кўрсаткичи анча юқори. Бу борада вилоятда қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

– Барчамизга маълумки, бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар аҳоли, айниқса, ёшлар, кам таъминланган оилаларнинг бандлигини таъминлаш, янги саноат корхоналар қурилиши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш ҳисобига янги доимий иш ўринларини ташкил этиш ва шу асосда аҳоли турмуш фаровонлиги ва сифатини оширишга қаратилмоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз томонларидан аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини яхшилаш бўйича қабул қилган кўплаб фармон ва қарорларининг ижро этилиши бугунги кунда жойларда ижобий ўзгаришлар бўлаётганлигини кўрсатмоқда. Айниқса, вилоятларга ташрифлари чоғида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастур лойиҳаларини амалга оширилиши ишсизлик муаммосини бартараф этишда асосий омил бўлмоқда.

Вилоятимизда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 1561,9 минг кишини, банд аҳоли сони 1057,3 минг кишини, шундан доимий ишга эга бўлмаган фуқаролар сони 108,2 минг кишини ёки ишсизлик даражаси 9,3% ни ташкил этмоқда. Ушбу кўрсаткич, амалга оширилган ишлар натижасида 2018 йил бошига нисбатан 0,8% га камайишига эришилган. Ишсизларнинг 54,2 минг нафари (50,1%) аёллар, 59,5 минг нафарини (55,0%) ёшлар ҳиссасига тўғри келади.

Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида вилоятда 2018 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш Давлат дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 3 февралдаги ПҚ–3506-сон қарори асосида барча йўналишларда 22506 та (режага нисбатан 105,5%), Юртбошимизнинг 2018 йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифлари доирасида қабул қилинган дастурга асосан 48782 та (режага нисбатан 110,1%) иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила-тадбиркор” ва “Ёшлар келажагимиз” дастурларини қабул қилиниши минглаб қўшимча иш ўринлари яратиш имконини бермоқда.

Хусусан, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури бўйича кредитлар ва таъминотчи корхоналари павильони ташкил этилиб, 9839 нафар фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига 116 миллиард сўм, “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастури доирасида 164 та тадбиркорлик субъектларига 40,6 миллиард.сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 октябрдаги “Кам таъминланган оилаларни бандлик билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 857-сонли қарорига асосан 7,1 миллиард сўм микрокредитлар ажратилиши ҳисобига 863 нафар кам таъминланган фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3680 қарорига асосан 252 та фуқаро ва тадбиркорлик субъектларига 10,2 миллиард.сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
Бундан ташқари, Бандлик органлари томонидан 25343 нафар ишсизларни халқ хўжалигининг турли тармоқларига ишга жойлаштирилди. Ўз навбатида, 2017-2018 ўқув йилида 34904 нафар ёшлар касб-ҳунар коллежларини тамомлаб, ҳозирда улардан 26987 нафари иш билан таъминланди.

Меҳнат бозоридаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, 2019 йил давомида вилоятда ишсизлик муаммосини бартараф этиш бўйича ижобий ўзгаришларга эришилиши кутилмоқда. Жумладан,

1. 2019 йилда жами 28 858 та иш ўринлари яратиш Дастури ишлаб чиқилди, шу жумладан Йирик лойиҳаларда 3345 та, Кичик лойиҳаларда 5 855 та, Фаолият кўрсатмаётган, самарасиз фойдаланилаётган бинолар ва қурилиши тугалланмаган объектлар негизида 757 та, Ижтимоий ва бошқа объектлар ҳисобига 500 та, Давлат-хусусий шерикчилик асосидаги объектлар ҳисобига 915 та, Ҳунармандчиликни ривожлантиришда 2645 та ва тижорат банкларининг кредит маблағлари ҳисобига 14841 та иш ўринлари ташкил этилади.

2. Наманган вилоятида 2019-2020 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 12 триллион. 858 миллиард 918 миллион.сўмлик 1476 та лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 34198 та иш ўринлари яратилиши режалаштирилмоқда.

3. Муҳтарам Юртбошимизнинг олиб бораётган ислоҳотлари натижасида хорижий давлатларнинг инвестицияларини кенг жалб қилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Хусусан, 2019 йилда умумий қиймати 200 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган. Бунинг натижасида 3 мингдан зиёд иш ўринлари яратилиб, аҳолининг бандлиги таъминланишига эришилади.

* * *

Лойиҳанинг навбатдаги меҳмони – Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев “Ўзбекистонда халқ табобатини тартибга солиш бўйича 2019 йилда қандай ишлар амалга оширилади?”, саволига жавоб беради.

Сайтимизни кузатиб боринг!