ЎзА Ўзбек

27.07.2018 13:03 Чоп этиш версияси

Нега дўконларда “Сотилган буюм қайтариб олинмайди”, деб ёзиб қўйилади?

Нега дўконларда “Сотилган буюм қайтариб олинмайди”, деб ёзиб қўйилади?
Айрим савдо дўконларида шундай ёзувга кўзингиз тушади. Шунинг учун баъзан маҳсулот харид қилаётганингизда "мабодо ўхшамаса, қайтариб беришда овора бўлмайманми", деган ўй ўтади хаёлингиздан.

Ваҳоланки, амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчи товарнинг истеъмол муддати, тузилиши ва таркибига доир камчилик ёки бошқа нуқсон аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товарга етти кунлик муддатда, товар сифатини сотувчи (ишлаб чиқарувчи) томонидан қўшимча равишда текшириш зарур бўлганида эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан 20 кун ичида алмаштириб бериши шарт эканини кўпчилигимиз билмаймиз. Шунингдек, истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарни харид қилган кунидан эътиборан 10 кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштиришга, агар бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли.

Афсуски, истеъмолчилар ҳуқуқларининг кафолатларига оид бу меъёрларга ҳамма сотувчи ва ишлаб чиқарувчилар ҳам амал қилишни истамайди. Шу сабабли Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг яқинда эълон қилинган маълумотларига кўра, жорий йил биринчи ярмида федерация ва унинг ҳудудий тузилмаларига истеъмолчилардан тушган ариза ва шикоятларнинг энг кўпи (29,5 фоизи) савдо соҳаси билан боғлиқ бўлган. Бу савдо соҳасида истеъмолчи ва сотувчи ўртасидаги муносабатлар қонун талаблари даражасида эмаслигини кўрсатади. 

– Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Самарқанд вилояти ҳудудий бирлашмаси ва туман-шаҳар жамиятларига жорий йил биринчи ярмида келиб тушган 341 та ариза ва шикоятнинг 68 таси савдо соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишига оид бўлди, – дейди федерациянинг Самарқанд вилояти ҳудудий бирлашмаси раиси И.Ҳасанова. – Шунингдек, мутахассисларимиз томонидан жойларда аҳоли билан ўтказилган учрашув ва мулоқотларда билдирилган 773 та мурожаат ва таклифнинг 129 таси ҳам савдо соҳасида сотувчи ва истеъмолчи муносабатлари билан боғлиқ. Албатта, бу мурожаатларнинг барчаси тегишли тартибда ўрганилиб, истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талаблари, сотувчи (ишлаб чиқарувчи) ва истеъмолчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилгач, масалалар ижобий ҳал этилмоқда. Ўрганишлар давомида кўп ҳолларда истеъмолчиларнинг мазкур қонун ҳақида, истеъмолчи сифатидаги ўз ҳуқуқи тўғрисида тушунчага эга эмаслигини кузатамиз. Лекин аҳолига савдо хизмати кўрсатувчи субъект мазкур қонун талабларини билиши ва шу асосда фаолият олиб бориши керак-ку!? Улар қонунни била туриб, унга зид ҳаракат қилиши, ўз манфаатини харидор манфаатидан устун қўйиши ҳеч бир меъёрга тўғри келмайди.

Мисолларга мурожаат қилсак. Булунғурлик Ж.Жўлматов Самарқанд шаҳридаги “Мармар” бозори ҳудудида жойлашган “ОПТИКА” дўконидан 3 миллион 600 минг сўмга 2 дона эшитиш мосламаси харид қилган. Мослама отасининг қулоқларига тўғри келмагач, дўконга қайтариб олиб келганда, сотувчи товарнинг пулини бир ой давомида қайтариб беришини айтади. Истеъмолчи ваъда қилинган муддат давомида пулларини тўлиқ ундириб ололмагач, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Самарқанд вилояти ҳудудий бирлашмасига шикоят аризаси билан мурожаат қилади. Ушбу мурожаат асосида истеъмолчига қайтарилиши керак бўлган сумма сотувчидан тўлиқ ундириб берилди.

Самарқанд шаҳрида яшовчи Г.Эркинова эса шаҳардаги “Шодиёна” савдо мажмуасидаги дўкондан харид қилган кўйлаги оила аъзоларига ёқмагач, уни қайтариб бермоқчи бўлганда сотувчи харидорнинг бу талабини рад этади. Г.Эркинованинг бу ҳақдаги мурожаати ҳам федерация мутахассислари томонидан жойида ўрганилиб, харидорнинг қонуний талаби қондирилди.

Пайариқлик Ш.Маҳмудов эса Самарқанд шаҳридаги “Эркин” савдо мажмуасидаги маиший техникалар дўконидан харид қилган сув чиқариш насоси носоз чиққач, товарни олиб келиб, уни таъмирлаб бериш ёки алмаштиришни сўрайди. Сотувчи унинг талабини рад этгач, вақтни бой бермаслик мақсадида ускунани ўз ҳисобидан (400 минг сўмга) таъмирлатади. Шундан сўнг бузилган ҳуқуқлари тикланишини сўраб, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси “Ишонч телефони”га мурожаат қилади. Жамият мутахассислари истеъмолчига ускунани таъмирлаш учун сарфлаган маблағини сотувчидан ундириб берди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига бўлаётган мурожаатлар орасида савдо соҳаси ходимларининг харидорларга қўпол муомалада бўлиши, уларнинг шаъни, қадр-қимматини камситиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳам учрайди. Бундай вазиятларда истеъмолчиларга тегишли тартибда суд ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилмоқда.

Бугунги кунда аҳоли Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг Самарқанд вилоят ҳудудий бирлашмасининг “Ишонч телефони” ҳамда электрон почтаси орқали ҳам ўз мурожаатларини йўллаши мумкин. Кейинги пайтда ушбу воситалар орқали бўлаётган мурожаатлар кўпайиб бораётгани аҳолининг ҳуқуқий маданияти ошиб, қонуний ҳақ-ҳуқуқини англаётганидан далолат бериши баробарида жамиятимизда учраётган турли иллатлар ва қонунга зид ҳолатлар юзасидан жамоатчилик назорати таъсири кучаётганини кўрсатади.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА
5 359