ЎзА Ўзбек

03.07.2019 Чоп этиш версияси

Нега аксарият йирик тадбирларда фақат "Murad Buildings", "Корзинка"... Бошқалар-чи?

Нега аксарият йирик тадбирларда фақат "Murad Buildings", "Корзинка"... Бошқалар-чи?

Бугун “Ўзэкспомарказ”да Халқаро пресс-клубнинг давлат солиқ сиёсатидаги ислоҳотларга бағишланган анжуман бўлиб ўтди. 

Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистон солиқ сиёсати борасида фикр-мулоҳазалар билдиришга бир қанча йирик тадбиркорлар пресс-клуб анжуманига таклиф этилди.
Палатанинг бир қанча учрашувларида йирик тадбиркорлардан Зафар Ҳошимов, Мурод Назаров, Ҳикмат Абдураҳмонов кабиларни учратиш мумкин. 

Табиийки, савол туғилади: нима учун палатанинг аксарият тадбирларида фақат йирик “гегемон” тадбиркорларни учратамиз? 

Савдо-саноат палатаси Ўзбекистонда фаолият юритаётган тадбиркор, ишлаб-чиқарувчиларнинг муаммоларини қонунчилик органларига олиб кирувчи восита – “кўприк”дир.

Вилоятларда чекка ҳудудларда фаолият юритаётган тадбиркорлар қатнашганини кўрмаймиз. Уларнинг ҳам дарди эшитиладими? Солиқ, божхона тўловлари борасида уларнинг ҳам ўзига яраша муаммолари бордир. Мазкур саволлар билан Савдо-саноат палатаси матбуот котиби Дилфуза Рўзметовага мурожаат қилдик. 

“Савдо-саноат палатасининг веб-саҳифасида, телеграм канал ва бошқа тармоқларда барча бўлажак анжуманлар ҳақида маълумотлар бериб борилади. Биз анжуман ва тадбирларимизда қатнашиш истагини билдирган барча тадбиркорлар ва аъзоларимизга бир хилда имконият яратиб берамиз. Мурод Назаров, Зафар Ҳошимов ва Ҳикмат Абдураҳмоновлар барча учрашувларимизда фаол қатнашавермайди. Балки, улар машҳур тадбиркорлардан бўлганликлари учун ҳам халққа улар қатнашганликлари кўпроқ сезилса керак”, дейди Дилфуза Рўзметова.

Барча тадбиркорлар балки Мурод Назаров ва бошқа “юлдуз” тадбиркорлар каби фаол эмасдир. Аммо, назаримизда, Савдо-саноат палатаси барча ишлаб чиқарувчилар дардини эшитишга ҳаракат қилиши лозим. 

Кўпгина тадбиркорлар муҳокамаларда фаол қатнашмасликларини таклиф ва эътирозлари эшитмай қолиниши ёки саволларга аниқ жавоб ололмасликлари билан изоҳлайдилар. 

Хусусан, тадбиркорларнинг телеграм каналидаги йирик гуруҳларда ишлаб чиқарувчиларга бир қанча имтиёзлар берилиши сўраб келинади. 

Мисол учун Ўзбекистонда мавжуд бўлмаган хомашё маҳсулотларини чет-элдан олиб киришда имтиёзлар берилиши. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотининг тан нархини арзонлашувига ёрдам беради. 

Шунингдек, хориждан асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун бериладиган кредит фоиз ставкаси бизда 7-8 фоизни ташкил этади. Хорижда эса бу кўрсаткич 3 фоиздир. 
Тадбиркорлар хориждан кредит олишда кўп қийинчиликларга дуч келганликлари боис ички 7-8 фоизли кредитлардан фойдаланишга мажбур. Биз яна тадбиркорларнинг бу каби масалаларни қатор санаб ўтишимиз мумкин. Аммо, уларнинг очиқ ва аниқ жавоби бўлмаса, уларни ўртага ташлашдан наф борми? 

Пресс-клуб анжумани давомида ҳам кўпгина тадбиркорлар томонидан Савдо-саноат палатаси, Молия вазирлигига берилган саволларнинг бир қанчасига қониқарли жавоблар бўлмади.

42 972
Анора Содиқова, ЎзА