Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2018 13:04 Чоп этиш версияси

Нега 4 апрелда Халқаро Интернет куни нишонланади?

Аввалига бу кунни нишонлаш борасида турли саналар таклиф қилинди, аммо бирортаси ҳам оммалашмади. Шу тариқа 1999 йилда Интернет ҳомийси номзодлари учун танлов эълон қилинди. Бир нечта номзод орасидан тарихда биринчи 20 томлик «Etymologiae» («Этимология») энциклопедиясини яратган Исидор Севильский танлаб олинди. У туғилган сана Халқаро Интернет куни сифатида нишонланадиган бўлди. 

Ўз даврида епископ Исидор Севильский (560-636 йй.) нафақат руҳонийлиги билан, балки илм-фанга муҳаббати билан ҳам танилган. У этимология бўйича илк китоб муаллифидир. Арастунинг асарларини Испанияда тарғиб қилган, ислоҳатчи сифатида ном қозонган ва кенг фикрли инсон бўлган авлиё Исидор талаба ва ўқувчиларнинг ҳомийси бўлган. 

1998 йилда католик черкови «ўргимчак тўри»ни инсоният тафаккурининг дурдонаси, дея эълон қилган эди. Исидор Севильскийнинг Интернет ҳомийси, дея эълон қилинишига изоҳ берган ўша вақтдаги Рим папаси Иоанн Павел II Интернет инсоният билимларининг ўзига хос энциклопедияси эканлигини таъкидлаб, айнан Исидор Севильский ўзининг ижодида тармоқда кенг қўлланиладиган гиперёзувларни эслатувчи ўзаро мос ёзувлардан фойдаланган илк одам сифатида таърифланган.
Ўзбекистонда Интернет куни 29 апрель, десак янглишмаган бўламиз. Чунки 1995 йилнинг айнан шу санасида “uz.” доменига асос солинган эди.

“Москва кўз ёшларга ишонмайди” фильми ёдингиздами? Фильм қаҳрамонларидан бири – телевидение оператори ҳадеб бир гапни – “20 йилдан сўнг фақат телевидение қолади” деб такрор айтаверади. Ўшанда фильм ижодкорлари Интернет ҳақида тассавурга эга эмас эди. Ҳозир замон бутунлай ўзгариб кетди. Атрофимизни Интернет қуршаб олди. Замонавий мобиль телефонларини-ку, айтмаса ҳам бўлади. Бундан чорак аср аввал ҳамма “бундан кейинги кундалик маиший ҳаётимиз қандай кечади?” деган саволни ўзига берган бўлса, энди бу саволга ҳожат қолмагандек. Замонавий дунё тезлик билан ўзгараётган экан, одамлар ҳам шунга мослашиб бормоқда. Эндиликда беш йилдан сўнг қандай янги технологиялар яратилади, деган савол берилмоқда. Замонавий технологиялар ривожи боис турмуш тарзимиз бутунлай ўзгарди. Бизга тақдим қилинаётган технологияларни ўзлаштиришга улгурмасимиздан, уларнинг маънавий эскираётгани, ундан-да замонавийроқ технологиялар яратилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Мобиль телефонлари билан боғлиқ кўплаб ибораларни ишлатишга биз катталар ожиз қолаётган вақтлар ҳам бўлмоқда.

Глобал замонинг долзарб масаласи сифатида янги технологияларни ўз вақтида ўзлаштириш бўлиб турибди. Мабодо кичикроқ бир янгиликни ўз вақтида ўзлаштира олмасангиз, ўзингизни замондан ортда қолдим, деб ҳисоблайверадиган кунлар келганга ўхшайди. Ахборотлар шу қадар кўпайиб кетмоқдаки, ҳатто биз уларнинг қадрига етмайдиган бўлиб бораяпмиз, гўё. Келажакда ахборот ва маълумотлардан унумли фойдаланганларгина ютиши аниқ бўлиб қолди. Замонавий технологиялар аввал мутлоқо имкони бўлмаган нарсаларни муҳайё қилмоқда. Инсоният психологияси ўзгармоқда. Янги давр одами пайдо бўлмоқда, деган қарашлар ўртага ташланмоқда. Бунга замонавий технологиялар сабаб бўлмоқда.

“Ipsos MORI” компанияси томонидан одамларнинг юқори технологияларга муносабатини, глобаллашув жараёнлари ва анъаналарига қарашларини ўрганиш мақсадида жаҳоннинг 20 мамлакатида 60 минг аҳоли ўртасида ижтимоий сўров ўтказилди. Унда иштирок этган респондентларнинг тўртдан уч қисми, тўғрироғи, 75 фоизи замон тезлик билан ўзгариб бораётганини таъкидлашган. Уларнинг фикрича, технологиялар кун сайин ўзгараётгани боис ўзларини ноқулай ҳис қилишаётган экан.

Ҳар ўнта респондентнинг олти нафари компьтер экранлари ва бошқа электрон ускуналар олдида ўз вақтларининг ҳаддан кўп қисмини ўтказишларини айтишган. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, одамлар замонавий технологиялар ўз ҳаётларига, турмуш тарзларига таъсир кўрсатаётганидан норози эканликларини яширишмаган. Шу билан бирга, улардан воз кеча олмаётганликларини, воз кечишнинг иложи ҳам, имкони ҳам йўқлигини таъкидлашган.

Тадқиқот иштирокчилари ўз вақтларини Интернет олдида эмас, балки оддий ҳаётда – дўстлари билан мулоқотда бўлиш, футбол ўйнаш, китоб ўқиш билан ўтказишни хоҳлашларини айтишган. Бироқ, бунинг иложи йўқ. Чунки замон, шу билан бирга, технолологиялар ўзгармоқда. Агар технологиялар пульсини қўлингиздан чиқарсангиз, замондан ортда қолишингиз ҳеч гап эмас, дейишмоқда сўровда иштирок этган респондентлар. 

Тадқиқот натижаларини ўрганган социологлар ўз вақтини технологиялар қаршисида ўтказадиган инсоннинг янги кўриниши пайдо бўлаётганини айтишмоқда. Улар смартфон, планшет, компьютер, телевизор ва замонавий технологияларсиз ҳаётларини тасаввур қилмасликларини тан олишган. АҚШ аҳолисининг ҳар олтитасидан биттаси дўстини смартфонга алмаштиришга тайёрлигини билдирган. Респондентларнинг 74 фоизи кун бўйи ўз смартфонидан айрилмаслигини, 60 фоизи эса смартфони ёқилган ҳолда ухлашини, 84 фоизи эса ётоққа смартфонини олиб кириши, фақат уйқу олдидан ўчиришини айтган. Бу каби ҳолатни оз бўлса-да ўзимизда ҳам кузатмоқдамиз.

Таҳлилчилар XXI асрнинг шиори – “Инсон – ижтимоий тараққиётнинг мақсади, натижаси, асосий омили ва мутлоқ қадрияти” бўлиб қолмадими?” деган саволни ўртага ташлашмоқдалар. Замонавий технологиялар журналистикани ҳам ўзгартириб юборди. Эндиликда журналистика соҳасида папарациялар, туҳматчилар, миш-миш тарқатувчилар пайдо бўлиб бораётгандек. Авваллари журналистлар бир-бирлари билан, кейинроқ телевидение, эндиликда эса Интернет билан рақобатлашмоқда. Бу, ўз навбатида, ахборот майдонида бошқарув билан боғлиқ муаммо пайдо бўлишига олиб келди. Чунки Интернетда тарқатилаётган хабарларнинг қайси бири тўғри, қайси бири нотўғрилигини билмай қолдик. “Ўргимчак тўри” тарқатаётган баъзи хабарлар жамоатчиликнинг чалғишига сабаб бўлмоқда, болаларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Тўғри, Интернет ёрдамида ишни тез ва осон бажариш мумкин. Шу билан бирга, бу тармоқдан қабиҳ мақсадларда фойдаланаётганлар ҳам борлигини эсдан чиқариш керак эмас. Интернетдан фойдаланувчи ёшлар сони ортмоқда. Маълумотларга қараганда, АҚШда 15-17 ёшли ўсмирларнинг 85 фоизи, Канада ёшларининг 93 фоизи интернетдан мунтазам фойдаланади. Ёшларнинг интернетдан кўнгилочар восита сифатида фойдаланиши ташвишланарли ҳол, албатта. 

Бугунги кунда мобиль телефони бўлмаган кишини учратиш амри маҳол. Бу телефонларнинг аксарияти Интернетга уланган. Интернет дунёни кафтингизда турганини англатади. Ана шундан эҳтиёт бўлиш керак. Одамларни “ўргимчак тўри”нинг домига тушиб қолишнинг олдини олишда, аввало, Интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш лозим. 

Интернетни бутунлай танқид қилиш фикридан йироқмиз. Фақат ёмонидан яхшисини фарқлашни ўрганишимиз шарт. Шундай экан, замонавий технологияларни яхшиликка хизмат қилдиринг.

Шарофиддин Тўлаганов
8 178