ЎзА Ўзбек

02.03.2020 Чоп этиш версияси

Нефт корхоналарига нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Нефт корхоналарига нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Ўзнефтгазинспекция ахборот хизматининг маълум қилишича, профилактика тадбирлари натижасида бир қатор қоидабузарликлар аниқланган. Яъни январь ойида нефт маҳсулотларини реализация қилишда минтақавий нефтбазалар 24 миллиард сўм зарар келтирган.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасидаги “Тахиатош нефт базаси” масъулияти чекланган жамияти ва унинг филиалларида нефт маҳсулотларини етишмовчилиги, сифати бузилганлиги ва талон-тарож қилинганлиги аниқланди. Келтирилган зарарнинг умумий миқдори 1264 тонна бўлиб, 9,7 миллиард сўмни ташкил этди.

Бу ҳолатни бошқа вилоятларда ҳам кузатиш мумкин. “Қарши нефт базаси”да илгари ўтказилган текширувларда 11,5 миллиард сўмлик ҳажмдаги нефт ва ёқилғи мойлаш маҳсулотлари сифатига номувофиқлиги, танқисликлар ҳамда ҳисобдан чиқарилиш ҳолатлари аниқланган. “Пахта нефт базаси”да ўтказилган текширувларда ҳам 2,7 миллиард сўмлик нефт маҳсулотларининг танқислиги, сифати бузилиши, савдо ва коммунал хизматлар билан боғлиқ қоидабузарликлар аниқланди.

Мазкур ҳолатлар бўйича жиноий ишлар қўзғатилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари тергов ҳаракатлари олиб бормоқда.

8 133
ЎзА