ЎзА Ўзбек

08.08.2018 20:01 Чоп этиш версияси

Нефть-газ соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари

Нефть-газ соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятида 8 август куни АҚШнинг «Air Products» компанияси ижрочи директори, президенти ва Директорлар кенгаши раиси Сейфи Гасеми бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Султонов Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистонда нефть-газ соҳасида татбиқ этилаётган лойиҳаларга инвестиция киритиш масалалари муҳокама қилинди.

«Air Products» компанияси билан ҳамкорлик нафақат мамлакатимиз, балки минтақа учун ҳам манфаатлидир. Компания раҳбарияти томонидан хорижий сармоядорлар учун энг истиқболли, фойдали ва ишончли бўлган тўрт мамлакат – Ўзбекистон, Хитой, Саудия Арабистони ва Россия Федерациясига сармоя киритиш тўғрисида қарор қабул қилингани қайд этилди. Ушбу истиқболли мамлакатлар рўйхати «Macro-Advisory» консалтинг компанияси кўмагида ўтказилган мустақил аудит асосида аниқланди.

Аудит натижаларига кўра, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва кафолатлаш, тадбиркорлар ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоялаш, молия ва суд-ҳуқуқ тизимларини ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши курашиш механизмларини жорий этиш каби мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш ва янгилашнинг барча соҳаларини қамраб олган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлар туфайли Ўзбекистон нафақат минтақада, балки бутун дунёда инвестициялар учун энг истиқболли давлатлар қаторида эътироф этилган.

Сейфи Гасемининг таъкидлашича, "Air Products" компанияси Ўзбекистонга узоқ муддатли тўғридан-тўғри инвестицияларни киритишдан манфаатдор ва мамлакатимиз бозорида тўлақонли иштирокчига айланиш истагида. Компания иқтисодиётнинг турли тармоқлари, жумладан, нефть-газ, кимё, фармацевтика, металлургия соҳаларидаги лойиҳаларга сармоя киритишга тайёр. Бундан ташқари, табиий газдан полимерлар ишлаб чиқариш лойиҳасига катта қизиқиш билдирилиб, барча тармоқлар эҳтиёжлари ва қўшни давлатларга экспорт қилиш учун саноат газлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ўрганилмоқда.

АҚШ компанияси раҳбари мулоқот давомида Total, British Petroleum, SOCAR, UOP Honeywell каби дунёнинг етакчи нефть-газ компаниялари топ-менежерлари учрашувини Ўзбекистонда ўтказиш таклифини илгари сурди.

Учрашув якунида томонлар нефть-газ, кимё ва металлургия соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳ тузиш ва икки ой муддатда ҳамкорлик учун аниқ таклифлар тайёрлашга келишиб олди. Ушбу гуруҳ "Air Products" компанияси етакчи мутахассислари ва мамлакатимиз ёқилғи-энергетика мажмуаси корхоналари вакилларидан тузилади.

Матназар Элмуродов, ЎзА
7 417