ЎзА Ўзбек

02.03.2018 21:11 Чоп этиш версияси

Нефрология ва гемодиализ хизмати қай аҳволда?

Парламент қуйи палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан республикада нефрология ва гемодиализ хизматининг ҳолатига бағишланган давра суҳбати уюштирилди.

Гемодиализ – буйрак вазифасини бажарувчи даво муолажаси бўлиб, муҳтож беморлар ҳаётини сақлайди. Бугунги кунда республикамизда бу хизмат йўлга қўйилган, барча минтақаларда ҳамда заруратдан келиб чиқиб, республика ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида гемодиализ ускуналари ўрнатилган ва гемодиализ хизмати ташкил этилган.

Йиғилишда республика бўйича 3 минг 608 нафар бемор гемодиализга муҳтож эканлиги аниқлангани алоҳида қайд этилди. Ўтган йил давомида ҳудудларда буйрак етишмовчилиги юзага келган 3 минг 967 нафар беморга гемодиализ муолажалари кўрсатилган. Бугунги кунда мавжуд гемодиализ ускуналарининг 11 таси таъмирталаб аҳволда эканлиги, аммо таъмирлаш ишлари ўз вақтида амалга оширилмаётганлиги аниқланди, 6 та ускуна маънан эскирган.

Шунингдек, фақатгина Бухоро, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида гемодиализ аппаратлар ва мутахассислар етарлилиги учун 100 фоиз касаллар қамраб олинган. Ўрганишлар натижасида аҳолига кўрсатилаётган нефрология ва гемодиализ хизмати сифатини яхшилаш учун барча ҳудудларни соҳа мутахассислари ҳамда гемодиализ аппаратлари билан тўлиқ таъминлаш, мавжуд тиббиёт ускуналарига ўз вақтида техник хизмат кўрсатиш ҳамда гемодиализ жараёнида фойдаланиладиган сарфлов материалларини узлуксиз етказиб бериш чораларини кўриш лозимлиги уқтирилди.

Шу билан бирга, буйрак касалликларини эрта аниқлаш, бунда аҳолининг ушбу касалликлар ва улар асоратларининг олдини олиш бўйича тиббий маданиятини юксалтириш, нефрология ва гемодиализ хизматининг меъёрий ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга эътибор қаратилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
13 453