ЎзА Ўзбек

12.07.2019 18:46 Чоп этиш версияси

Назокат Собирова Қўқон фестивалида иштирок этади

Назокат Собирова Қўқон фестивалида иштирок этади
Халқаро ҳунармандчилик фестивали олдидан

Термизда “Мен Қўқон фестивалига бораман!” шиори остида ҳунармандчилик кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда соҳага қаратилаётган юксак эътибор ҳунармандлар сафининг янада кенгайишига хизмат қилмоқда. Жумладан, бундан икки йил аввал Сурхондарё вилоятида 320 ҳунарманд давлат рўйхатидан ўтган бўлса, жорий йилга келиб уларнинг сони 1 минг 300 нафарни ташкил этди.

– Мазкур тадбир баҳонасида халқимиз қўли гул ҳунармандларимизнинг жорий йил 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига кўраётган тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи М.Жўраева. – Шунингдек, соҳанинг молиявий қўллаб-қувватланаётгани ҳунармандларимизнинг янада кенгроқ изланиб, меҳнат қилишига қулай муҳит яратди. Хусусан, ўтган йили 410 ҳунарманд тижорат банкларидан 11 миллиард 176 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, ўз фаолиятини кенгайтиришга муваффақ бўлди. Ҳунармандларимиз бу йил ҳам тижорат банкларининг имтиёзли кредит маблағидан унумли фойдаланмоқда. Қўқон шаҳрида ўтказиладиган мазкур фестиваль ҳам соҳани янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

12.jpg

“Ҳунарманд” уюшмаси Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ташкил этилган тадбирда олтмишдан ортиқ энг изланувчан, моҳир ҳунарманд ўз маҳсулотларини намойиш этди. Улар сафида Бойсун туманида фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркор Назокат Собирова ҳам бор.

Қўли гул ёш ҳунарманд қадимда бойсунлик аёллар тўқиган 42 турдаги гилам, олача ва жанда тўқилишини чуқур ўзлаштириб олган. Шунингдек, у яратаётган Бойсуннинг миллий дўппилари, тасма, пўпак, сумка каби ўндан ортиқ турдаги ноёб маҳсулотлари ҳам хорижликларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Бу йил 21 ёшга тўлаётган Назокат олти ёшида ҳунармандчиликка меҳр қўйган. Моҳир ҳунарманд онаси Розия Эшонқуловага яқиндан кўмаклашиб, жанда, олача ҳамда Бойсун гиламларини тўқиш билан шуғулланган.

1.jpg

Бойсуннинг қадимги ҳунармандчилигини янада юксалтириб, дунёга кенг тараннум этишга бел боғлаган Назокат “устоз-шогирд” анъанаси асосида ёш қизларга соҳа сирларини чуқур ўргатаётир. Айни пайтда тоғли туманнинг турли маҳаллаларида унинг 42 нафар шогирди бор.

– Мамлакатимизда Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилаётгани эзгу иш бўлди, – дейди ёш ҳунарманд. – Биласизми, қадимда аждодларимиз қўл меҳнати ва юксак ақлу заковати билан яратган нафис буюмлар кўп. Агар уларни бизнинг авлод асраб қолмаса, йўқолиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Шу маънода ушбу фестивалнинг ўтказилиши аждодларимиз меросини қайта тиклаб, ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб берди. Масалан, мен маҳаллаларда яшаётган кекса ҳунарманд момоларимиздан қирқдан ортиқ турдаги қадимги гилам номини аниқлаб, тўқиш сирларини ўрганиб олдим. Мачай тарафларда тўқилган имомсултон, қашқари, 101 жуфтли гиламларни топиб, уларни қайта тикладим. Қўқонда ўтказиладиган Халқаро фестивалда шу каби ноёб ва нафис маҳсулотларимиз билан иштирок этмоқчиман.

Тадбирда халқаро фестивалга пухта ҳозирлик кўраётган ҳунармандлар муносиб рағбатлантирилиб, фахрий ёрлиқлар топширилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ олган суратлар, ЎзА
3 512