ЎзА Ўзбек

08.11.2019 Чоп этиш версияси

Нажот фаришталари

Нажот фаришталари

Тиббиёт ходимлари куни олдидан 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида сўз юритганда, тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир, уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак, дея таъкидлайди.

Дарҳақиқат, соғлиқни сақлаш тизими ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётига тўғридан-тўғри дахлдор бўлган муҳим соҳадир. Шу боис, кейинги йилларда ушбу тармоқни тубдан такомиллаштириш, тиббий-ижтимоий ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, кейинги уч йил ичида соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этиш бўйича 170 дан зиёд ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Бугунги кунда тиббиёт тизимида ислоҳотлар жадаллашган. Хусусан, соҳани молиялаштириш ҳажми бир неча баробарга ошди. Масалан, 2017 йилда соҳага 7,1 триллион сўм йўналтирилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 12,1 триллион сўмни ташкил этди. Шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳамда тиббиёт объектларини қурилиш-таъмирлаш ишларига ажратилаётган маблағлар миқдори 3 баробарга ортди.

Бугун дунё тиббиётида олиб борилаётган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, касалликларни даволашдан кўра, олдини олиш давлат учун ҳам, оила учун ҳам самаралидир. Шу жиҳатлар эътиборга олиниб, кейинги йилларда мамлакатимизда профилактик тиббиётни ривожлантиришга эътибор кучайди. Айни пайтда халқимизга бу йўналишда 1793 та амбулатория-поликлиника муассасаси, жумладан, 817 та қишлоқ врачлик пункти, 798 та қишлоқ оилавий поликлиника, 178 та шаҳар оилавий поликлиника хизмат кўрсатаяпти. Шу жумладан, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари тизимида кўп тармоқли марказий поликлиникалар ташкил этилиб, замонавий тиббий-ускуналар билан жиҳозланди.

Бугун биз фаолияти ҳақида ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз Саодат Норқулова ҳам ана шундай замонавий шифо масканларидан бири – пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиникада умумий амалиёт шифокори бўлиб фаолият юритаяпти. 

Айтиш керакки, умумий амалиёт шифокори фаолияти касалликни даволаш эмас, унинг олдини олишга йўналтирилгани билан ажралиб туради. Зеро, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларида қайд этилишича, инсоннинг соғлом ва узоқ умр кечириши, аввало, ҳар кимнинг соғлом турмуш тарзига риоя этиши, инсонда тиббий билимнинг юқори бўлиши ва соғлом овқатланиш тартибига риоя этишига боғлиқ.

Умумий амалиёт шифокори эса аҳолига ушбу йўналишда беминнат кўмак берувчи, оилаларга тиббий маданият ва маърифат тарқатувчи мутахассисдир.

Саодат Норқулова ҳам Бектемир туманининг Ҳусайн Бойқаро маҳалласида яшовчи уч минг нафардан зиёд аҳоли орасида шу йўналишда иш олиб бормоқда.

– Тиббий-профилактика ва патронаж ишларини замон талабидан келиб чиқиб ташкил этишимизда оилавий поликлиникалар ташкил этилгани айни муддао бўлди, – дейди Саодат опа. – 45 мингдан кўпроқ аҳолига хизмат кўрсатиб келаётган бизнинг кўп тармоқли марказий поликлиникамиз диагностика соҳасидаги энг янги технологиялар билан жиҳозланган. Тиббиётнинг барча йўналишлари бўйича малакали мутахассислар кўриги йўлга қўйилган.

Маълумки, кейинги йилларда тиббиётнинг бирламчи бўғинида тиббий-профилактика ишлари билан бир қаторда патронаж ишлари ҳам тобора ривожланиб бораяпти. Саодат Норқулова ҳам патронаж ҳамширалар билан ҳамкорликда ўзига бириктирилган маҳалла ва таълим муассасаларида патронаж ишларини замон талабидан келиб чиқиб ташкил этишга аҳамият қаратмоқда. Хусусан, оналар ва болалар саломатлиги, ўсмирлар, фертиль ёшдаги аёллар ва кексалар ҳамда ногиронлиги бор инсонларнинг ҳолидан ўз вақтида хабар олиниб, аҳоли соғломлаштириш тадбирларига қамраб олинаяпти. Болаларни эмлаш режаси ўз вақтида бажарилади.

Шу билан бирга, жаҳон тиббиётининг яна бир долзарб муаммоси – қандли диабет, инфаркт, инсульт, саратон каби оғир касалликларнинг олдини олиш ҳам умумий амалиёт шифокорлари фаолиятида устувор аҳамият касб этади. Бу борада туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида яратилган замонавий шароитлар касалликларга барвақт ташхис қўйиш ва даволашда катта имконият яратади.

– Кейинги йилларда аҳоли орасида тиббиётда юқумсиз касалликлар деб аталувчи юрак-қон томир ва асаб тизими, қандли диабет ҳамда хавфли ўсма касалликлар кўпаймоқда, – дея фикрини давом эттиради Саодат Норқулова. – Бу муаммонинг ўз вақтида олди олинмаса, келгусида жамият ривожи ва инсоният келажагига жиддий таъсир этиши мумкин. Шу жиҳатлар эътиборга олиниб, мазкур йўналишдаги ишларни ташкил этишнинг ҳуқуқий ва ташкилий асослари такомиллаштирилди. Бу жараёнда тиббий-профилактика, патронаж ва скрининг ишлари кучайтирилаяпти. Айни пайтда ушбу чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб бораяпмиз. Асосий мақсадимиз – оғир касалликларнинг олдини олиш, оилаларга, одамларга соғлиқ улашиш, оилаларда соғлом ва баркамол фарзандларнинг униб-ўсишига эришиш, қисқаси, халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кечириши учун қулай шароитлар яратишдир.

Ҳа, шифокорлар ана шундай эзгу ниятли нажот фаришталаридир. Улар соғлом инсонга узоқ умр кўриш бахтини ато этиш, хаста дилга шифо бахш этиш, дарддан азоб чекиб эгилган қадни ростлаш, хуллас, ҳар бир инсонннинг ҳаёти бахт ва қувончга тўла бўлишини таъминлаш учун ўз ҳаловатию роҳатидан кечишга қодир инсоний хислат соҳибларидир.

Шу боис, халқимиз бу касб соҳибларини чин дилдан эъзозлаб, ардоқлаб, шифокорнинг дориси-ю дармонидан ҳам аввал унинг ўзи, ширин сўзи шифодир, деб аташи бежиз эмас.

Баҳор ХИДИРОВА,
журналист.

733
ЎзА