ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Навоийлик тадбиркор етим болаларга уй совға қилди

Навоийлик тадбиркор етим болаларга уй совға қилди

Навоийда ота-онасидан бевақт етим қолган уч нафар болага тадбиркор уй совға қилди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Навоий вилояти кенгаши таклифи билан “Бизнес фундамент” масъулияти чекланган жамияти раҳбари тадбиркор Отабек Ҳайдаров томонидан ота-онасидан эрта етим қолган 3 нафар болага Навоий шаҳар марказидаги замонавий кўп қаватли турар жойлардан, барча шароит ва қулайликларга эга бўлган икки хонали уй совға қилинди.

Ота-онасининг бевақт вафотидан кейин 5 йилдан буён Кармана туманида ижарада яшаб келаётган болалар бувиси Саодат ая Шукурованинг қарамоғида қолди.

Бугун уларнинг қувончи чексиз, саховатли тадбиркор томонидан уй билан биргаликда аянинг икки нафар ўғил набирасига замонавий ноутбук ҳамда қиз набирасига тикув машинкаси, уй рўзғор буюмлари билан биргаликда, кир ювиш машинаси ҳам совға қилинди.

photo5467692680516578267.jpg

– Бутун дунё билади, ўзбек халқининг нақадар бағрикенглигини. Тадбиркор ўғлимга минг раҳмат, бирига минг берсин. Етимнинг бошини силагани учун Яратган ундан ҳам ўз саховатини аямасин, – дейди Саодат ая. – Ота-онасидан эрта айрилган невараларимни элдан кам бўлмасин деб тарбиялаб, ўқитиб келаяпман. Мана менинг ўғлим яна биттага кўпайди. Шу муштипарларнинг келажагини ўйлаб, қанотимга кирган тадбиркор боламдан мен ҳам, невараларим ҳам миннатдормиз.

photo5467422844901240037.jpg

Айни коронавирус иллатига қарши жипсликда, биргаликда курашаётган халқимизнинг саховатпешалиги ва бирдамлиги бугун навоийлик тадбиркорнинг хайрли ишида ҳам яна бир бор намоён бўлди.

1 834
Нуриддин РАҲИМОВ, ЎзА