Навоийдаги ёнғин юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда
Ижтимоий тармоқларда Навоида ўт ўчирувчилар кеч келгани сабабли уй ёниб битгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Ижтимоий тармоқларда Навоида ўт ўчирувчилар кеч келгани сабабли уй ёниб битгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан шундай изоҳ берди:
2020 йил 20 январь куни соат 06:40 ларда Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчилик қисмига Навоий шаҳри “Гулистон” массиви Боғишамол кўчаси 3/2-уйда ёнғин бўлаётганлиги тўғрисида “101” рақами орқали хабар берилган.
Навоий шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлинмаси 2-Ёнғин-қутқарув қисмидан иккита ёнғин ўчириш автомобиллари соат 06:41 да қисмдан чиқиб кетган ҳамда ёнғин содир бўлган манзилга 06:51да етиб борган.
Бўлинмалар кўрсатилган манзилга етиб борганида ёнғин хонадоннинг дарвозахонаси, барча хоналари ва том қисми бўйлаб аланга билан қопланган ҳолатда бўлганлиги туфайли диспетчерлик хизматига қўшимча кучларни зудлик билан жалб қилиш тўғрисида хабар берилган.
Ёнғинни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида хонадоннинг икки томонидан, яъни дарвозахона ҳамда том қисмидан бир вақтнинг ўзида узлуксиз сув пуркаш ишлари амалга оширилган.
Шунингдек, ёнғиннинг қўшни биноларга ўтиб кетмаслиги ҳамда ёнғин тарқалишининг олдини олиш мақсадида қўшни хонадонлардан ҳам қўшимча дастаклар орқали сув берилиши натижасида соат 06:55 да ёнғин тўлиқ қуршаб олиниб, оловнинг тарқалиши чекланган.
Бундан ташқари ёнғин содир бўлган жойга 1-ёнғин-қутқарув қисмидан 1 та ёнғин ўчириш автомобили соат 07:02 да ёрдамга етиб келган ва ёнғинни ўчираётган бўлинмаларни узлуксиз сув билан таъминлаб турган.
Олиб борилган тезкор амалиётлар натижасида ёнғин соат 07:25 да тўлиқ бартараф этилган ҳамда ёнғин ўчириш бўлинмалари томонидан содир бўлган ёнғин жойини қисмларга ажратиш, ёнғин оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилган.
Содир бўлган мазкур ёнғиннинг келиб чиқиш сабабларини ўрганишнинг дастлабки натижаларига кўра қуйидагилар маълум бўлди:
Хонадон эгаси фуқаро Р.Нарзиев яшаш уйининг ётоқхонасида телевизор кўриб турган вақтда уйнинг шифт қисмидан шиқирлаган шовқин эшитилганлигини, шундан сўнг, уйнинг том қисмига чиқиб қараганда уй ичидан томга чиққан иситиш печининг дудбурони атрофи ёнаётганлигини кўрган ҳам бир қанча муддат оловни ўзи ўчиришга ҳаракат қилган. Шунингдек, Р.Нарзиевнинг айтишича ёнғин кўлами кенгайиб бораётганлиги ва ўчиришга кучи етмаслигини билгачгина қутқарув хизматига хабар берган.
Ёнғин ўчириш бўлинмалари ёнғин жойига етиб борган вақтда, ёнғин хонадоннинг меҳмонхонасидан дарвозахонага қадар том қисми бўйлаб аланга билан қопланган ҳолатда бўлган.
Ёнғиндаги вазият, яъни оловнинг тарқалиш вақти ва тезлигининг белгиланган меъёрлар асосидаги таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ёнғин ўчириш бўлинмалари келгунга қадар ёнғин бошланғич нуқтасидан сўнгги нуқтасига қадар 18 метр масофани босиб ўтган.
Бу шундан далолатки, ёнғиннинг тарқалиш тезлиги 0,5 метр/дақиқа эканлиги инобатга олинадиган бўлса, содир бўлган ушбу ёнғин 18 метр масофани 32 дақиқа вақт ичида босиб ўтган. Хонадон эгаси томонидан дастлабки ёнғин қутқарув хизматига 06:40 да хабар берилган. Олиб борилган ўрганиш ва суриштирувларга кўра ёнғин 06:20 ларда бошланган.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳозирги кунда терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.