ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

Навоийда “Экспорт – импорт” мактаби ташкил этилади

Навоийда “Экспорт – импорт” мактаби ташкил этилади
Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси Навоий вилояти бўлими раҳбари Сардор Ғаффоров вилоятда экспорт салоҳиятини ошириш, соҳага янги инновацияларни жалб этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида “Экспорт-импорт” мактабини ташкил этиш ташаббусини илгари сурмоқда.

Ушбу мактаб фаолияти соҳага эндигина кириб келаётган ёки кириш истагида бўлган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, тажриба алмашиши, билим кўникмаси ва ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мактаб негизида ҳар ҳафта амалий семинарлар ташкил этиш орқали уларнинг муаммоларини ўрганиш, талаб ва таклифларидан келиб чиқиб масъул ташкилот вакилларининг тренингларини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган.

Эътиборлиси, Навоий вилояти тажрибаси тариқасида ташкил этилиши режалаштирилган бу мактаб экспортчилар ўртасида “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттиришда муҳим қадам бўлади.

— Экспорт фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар маҳсулот экспорти учун қонунчиликда белгиланган тартибда 10 га яқин ташкилотларга мурожаат қилади. Бу ташкилотлар эса турли ҳудудларда жойлашган, — дейди уюшма раҳбари Сардор Ғаффоров. — Бу эса ўз навбатида экспортчиларнинг ҳам вақтдан, ҳам маблағдан ютқазишига олиб келаяпти. Йўқотилган вақт, қолаверса ортиқча сарсонгарчилик бизнес вакилларига ноқулайликлар туғдиради, албатта. Бу борада Экспортчилар уюшмасига ҳам тадбиркорлардан турли мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг таклифларини инобатга олиб, экспорт қилинадиган товарларни сертификациялаш ва божхона расмийлаштирувига мувофиқ ягона шакл бўйича аризани ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни бир жойда қабул қилиш ва тадбиркорларнинг вақтини, маблағини тежаш мақсадида Навоий вилояти Экспорчилар уюшмаси ҳузурида “Бир дарча” марказини ташкил этишга киришдик. Энг муҳими, бу ташаббусга экспортчи тадбиркорлар ҳам хайрихоҳ бўлмоқда.

Ёш ва ташаббускор уюшма раҳбари Сардор Ғаффоровнинг асосий мақсади янги лойиҳа орқали вилоят экспорт салоҳиятини оширишга ҳисса қўшиш, тадбиркорларга қулайлик яратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган.

2 201
Нуриддин РАҲИМОВ, ЎзА