Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.01.2017 16:35 Чоп этиш версияси

Навоийда “Аскар оналарини шарафлаймиз” деб номланган тадбир ўтказилди

Навоийда “Аскар оналарини шарафлаймиз” деб номланган тадбир ўтказилди Навоийда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 25 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб “Аскар оналарини шарафлаймиз” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, мудофаа ишлари, маданият ва спорт ишлари бошқармалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг оналари, ҳарбий хизматчилар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар иштирок этди.

Биринчи Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида миллий армиямиз сафларида хизмат қилиш, юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашга ҳисса қўшиш ҳар бир йигит учун юксак шон-шараф ишига айлангани алоҳида таъкидланди.

– Ўғлим Меҳриддин Сирдарё вилоятида муддатли ҳарбий хизматни ўтамоқда, – дейди Навоий шаҳрида яшовчи Санобар Шарипова. – Ҳар гал телевидение ва матбуот орқали мард ва жасур аскарларни кўрсам, худди ўғлимни кўргандек бўламан. Албатта, бундай туйғуни ҳар бир она ҳис қилиши табиий. Биз, оналарга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиздан миннатдормиз.

Тадбирда мамлакатимизнинг турли вилоятларида йигитлик бурчини ўтаётган аскарларнинг оналарига ҳарбий қисмлар командирларидан келган ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди. Аскарларга “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши томонидан миллий ва жаҳон адабиёти дурдоналари тарқатилди.

Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА
1 471






Все о погоде - Pogoda.uz