ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

Навоийда ҳам ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар кўтаринки руҳда ўтди

Навоийда ҳам ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар кўтаринки руҳда ўтди

Навоий вилояти Кармана туманидаги “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланган тантаналарда вилоят ҳокими К.Турсунов, сектор ва корхона, ташкилот раҳбарлари, ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Ҳарбий оркестр садолари остида ҳарбий хизматчилар, турли ташкилотлар жамоалари муаззам ҳайкал қаршисида таъзим бажо келтиришди.

14.jpg

Навоий шаҳридаги марказий маданият ва истироҳат боғи ҳудудида жойлашган “Ватанпарварлар боғи”да давом этган тадбирларда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилди. Айниқса, боғга ташриф буюрган ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғулари янада жўш урди.

Вилоят ҳокими Қобул Турсунов Навоий шаҳридаги 1-сонли аниқ фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган мактабга ташриф буюрди. Вилоят раҳбари мактабнинг ҳарбий ватанпарварликка ихтисослаштирилган синфлари ўқувчилари учун китоб совға қилди.

16.jpg

Дарҳақиқат, таълим масканида ҳарбий ватанпарварликка ихтисослаштирилган 2 та синф ташкил этилган бўлиб, у ерда 50 нафар ўқувчи таълим олади. Ташриф давомида синф ўқувчилари билан самимий суҳбат уюштирилиб, келажакдаги режалари, Ватанимиз равнақи йўлидаги янги ғоялари билан ўртоқлашилди.

Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 28 йиллиги тантаналари “Фарҳод” маданият саройида давом этди. Давлатмиз раҳбари, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини вилоят ҳокими Қобул Турсунов ўқиб эшиттирди.

7.jpg

Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 13 январь куни эълон қилинган фармони билан бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари муносиб хизматлари учун мукофотланди.

Тадбирда ватанимизнинг юксак орден ва медаллари билан мукофотланган навоийлик ҳарбий хизматчиларга давлат мукофотлари тантанали топширилди.

10.jpg

– Жорий йилги байрам мен учун жуда қувончли келди, – дейди “Жасорат” медали соҳиби Салим Абдуллаев. – Президентимиз, Қуролли Кучларимиз Олий Бош қўмондонининг эътибори мен каби соҳа ходимларининг кучига куч, ғайратига шижоат қўшади. Энг муҳими, бугунги армиямиз давлатимиз ҳудудий дахлсизлигини муносиб ҳимоя қилишга доимо шай ҳолатда. Бундай юксак эътибор менга улкан масъулияти юклайди.

11.jpg

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг буйруғи билан бир гуруҳ соҳа вакилларига ҳарбий унвонлар, кўкрак нишонлари, ташаккурномалар топширилди.

Байрам тантаналари ҳарбий ансамбль ва санъаткорларнинг Ватанни мадҳ этувчи ҳамда ҳарбий-ватанпаварлик руҳидаги куй-қўшиқлари билан давом этди.

1 221
Нуриддин РАҲИМОВ, ЎзА