ЎзА Ўзбек

23.08.2018 11:08 Чоп этиш версияси

Навоийда аҳоли хусусий клиникалар фаолиятидан мамнун

Навоийда аҳоли хусусий клиникалар фаолиятидан мамнун
Бугунги кунда тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор туфайли давлат даволаш муассасалари ва хусусий клиникалар ўртасида соғлом рақобат муҳити вужудга келиб, бу ўз навбатида соҳа ривожи ҳамда жойларда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати юксалишида муҳим омил бўлмоқда. 

Хусусан, Навоий вилоятининг Кармана туманида фаолият бошлаган “Гиёҳ” хусусий корхонасида тиббий хизмат тури кенгайтирилиши натижасида беморларга ташхис қўйиш, таҳлиллар олиш ва даволаш имкониятлари яратилди. Ўтган йили тижорат бинкидан муассасанинг қурилиши ҳамда жиҳозлаш ишларига 675 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилиб, замонавий 2 қаватли бино бунёд этилди. Айни пайтда тиббиёт масканида 9 нафар малакали ходим томонидан аҳолига 10 турдаги сифатли хизмат кўрсатилмоқда. 

— Дастлаб фаолиятимизни дорихона юритишдан бошлаганмиз, — дейди хусусий корхона раҳбари Ф.Ҳакимова. — Тиббий марказимизда лаборатория, неврология, педиатрия, клиник таҳлил ва бошқа хизматлар кўрсатилади. Муолажалар ҳам шу ерда ўтказилиб, шинамгина 2 кундузги даволаш хонаси ишлаб турибди. 

Муассасада “Устоз-шогирд” анъанаси яхши йўлга қўйилган. Ҳар йили бу ерда Навоий тиббиёт коллежининг ўнлаб битирувчилари амалиёт ўтайди. Соҳага эндигина кириб келаётган мутахассисларга малакали ходимлар бириктирилиб, улар ёшларга бор билим ва тажрибаларини ўргатишади. 

Клиникадаги фитобарда мижозлар учун қувват бағишловчи, тетиклантирувчи ҳамда тинчлантирувчи дамлама, чойлар тайёрланади. Айниқса, беморларда халқ табобати – зулук ёрдамида муолажа ўтказиш ҳам яхши самара бераётир. Физиотерапия хонасида умуртқалараро диск чуррасини даволаш учун махсус траекцион яъни, умуртқани чўзиб, тортиб даволашга мўлжалланган махсус каравот ўрнатилган. Магнитотерапия, ингаляция, электрофарез, дарсанвал, лазер асбоб-ускуналари воситасида физиотерапевтик муолажалар олиб борилади.

Мухтасар айтганда, юртмизда соҳа вакилларига белгилаб берилаётган устувор вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳар бир тиббиёт ходимидан юксак масъулият талаб этади. Бунинг самарасида соҳада олиб борилаётган тизимли ишлар ўз натижасини кўрсатмоқда.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
4 022