Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.06.2018 17:11 Чоп этиш версияси

Навоийда 43 фуқарога намунавий лойиҳалар асосида қурилган арзон уйлар калити топширилди

Навоийда жисмоний имконияти чекланган 210 нафар фуқарога ногиронлик аравачаси, уй-жойга муҳтож, меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган ва эҳтиёжманд 43 фуқарога намунавий лойиҳалар асосида қурилган арзон уйлар калити тантанали равишда топширилди.

Ўзгалар кўмагига муҳтож, жисмоний имконияти чекланган инсонлар учун муносиб турмуш шароити яратиш, уларнинг эмин-эркин яшаши, ўз имконияти даражасида меҳнат қилишига кенг йўл очиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Кармана туманидаги “Оқшом” тантаналар масканида ногиронлиги бор шахсларга махсус аравачалар топширилиб, байрам дастурхони ташкил этилди. Кўнгли ярим инсонлар бундай юксак эътибордан ғоят мамнун эканликларини билдирди.

– Турмуш ўртоғим Ғулом Расуловнинг жисмоний имконияти чекланган, – дейди Навоий шаҳри Ўзбекистон маҳалласида яшовчи Лайло Расулова. – Тақдир шу экан. Нолимаймиз. Қолаверса, давлатимиз биз каби фуқароларини ўкситиб қўяётгани йўқ. Мана бугун ҳам, муқаддас байрам арафасида кўрсатилаётган эътибор учун аввало, Президентимизга, шу ишга бош қўшган барча инсонларга раҳматлар айтамиз.

Навоий шаҳри марказида ётоқхона сифатида фойдаланиб келинган бино турар жойга мослаштирилиб, ногиронлиги бор ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларга берилди. Шаҳарнинг Янгиобод маҳалласида ёлғиз фарзанди ва синглиси қарамоғида ижарада яшаб келаётган I гуруҳ ногирони Марҳабо Жўраевага 2 хонали хонадон калити топширилди.

– Ўғлим ҳали боғча ёшида, ўзим доим синглимнинг қарамоғида яшаб келаётганимдан кўнглим ўксир эди, – дейди у. – Яна ижарада туриб, рўзғор тебратишнинг ўзи бўлмайди. Давлатимизнинг бағрикенглиги ва инсонпарварлик сиёсати туфайли ўз бошпанамизга эга бўлдик. Биз каби кўнгли ярим инсонларга меҳр-мурувват кўрсатаётган давлатимиздан миннатдормиз.

Шу куни Кармана туманининг “Варқ” массивида ҳам 2 сотихли намунавий лойиҳадаги уй-жойларга бир гуруҳ эҳтиёжманд оилалар, меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган фуқаролар кўчиб ўтди. Маҳаллада бошланган байрам сайли кўнгилларга завқ-шавқ улашди.

II гуруҳ ногирони Саломат Сувонованинг янги хонадонига яқинлари, қариндошлари, маҳалладошлари жам бўлди. Уй соҳибасининг қувончига шерик бўлиб, чин дилдан муборакбод этди.

– Қўлимда ҳунарим бор, тикувчилик билан шуғулланаман, – дейди С.Сувонова. – “Навоий дон маҳсулотлари” акциядорлик жамияти мени касаначилик асосида тикувчиликка ишга қабул қилди. Шундай шинам уйга эга бўлишимда корхона беминнат кўмак берди. Энди корхонанинг ривожланиши ва турмушим фарвонлиги учун меҳнат қилишга имконият яратилди. Бунинг учун барча мутасаддиларга раҳмат айтаман.

Тадбирларда Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
2 160