Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.07.2018 13:52 Чоп этиш версияси

Навоийда 38 миллиард 650 миллион сўмлик 21та инвестиция лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилади

Навоийда 38 миллиард 650 миллион сўмлик 21та инвестиция лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилади
Навоий вилояти Учқудуқ туманида хорижий инвестицияларни жалб этиш ва улардан мақсадли фойдаланишни жадаллаштириш бўйича ишлаб чиқилган махсус дастур асосида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётир. 

Ҳудудда 2018-2019 йилларда умумий қиймати 38 миллиард 650 миллион сўмлик 21 инвестиция лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилган. Бу ишлар натижасида 452 янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. 

Жорий йилнинг ўтган даврида 10 лойиҳа фойдаланишга топширилиб, бунинг учун 4 миллиард 992 миллион сўм сарфланди. Қолган лойиҳалар ҳам босқичма-босқич амалга оширилаётир. Хусусан, туман аҳолисининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган талабидан келиб чиқиб “Тўрт кран балиғи” масъулияти чекланган жамияти томонидан истиқболли лойиҳа амалга оширилмоқда. Паррандачиликни ривожлантириш борасида иш олиб бораётган тадбиркор М.Қурбоновнинг саъй-ҳаракатлари ҳам эътиборга молик. 400 миллион сўмлик мазкур лойиҳа бўйича амалга оширилаётган ишлар яқин ойларда якунланиб, янги ташкил этиладиган корхонада 12 иш ўрни яратилади. 

– Аҳоли фаровонлигини ошириш, бандлигини таъминлаш, бозорни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришга қаратилган янги лойиҳалар ҳам ишлаб чиқилмоқда, – дейди туман ҳокими ўринбосари Ф.Бафоев. – Жумладан, “Учқудуқ юксалиш сари” хусусий корхонаси томонидан 160 миллион сўм маблағ эвазига аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида тизимли ишларни амалга ошириш режалаштирилган. Мазкур лойиҳага кўра, 6 та тоза ичимлик суви тарқатиш шохобчаси фаолияти ишга туширилади. Бундан ташқари, ҳудуд имкониятларидан келиб чиқиб, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга ҳам ҳаракат қиляпмиз. 

Ана шундай лойиҳалардан бири “Ишонч Феруз” масъулияти чекланган жамияти томонидан олиб бормоқда. Лойиҳага кўра, ушбу корхонада қурилиш материаллари – профнастил ва шлакоблок ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бунинг учун 25 минг АҚШ доллари қийматидаги маблағ ўзлаштирилиши лозим. Ҳозирда лойиҳа доирасида хориждан асбоб-ускуналар келтириб, ўрнатилди. Кунига 200 метр квадрат профнастил ва 500 дона шлакоблок ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонада 10 иш ўрни яратилади. 

“Учқудуқ стоматология” хусусий корхонаси, “Грант мега инвест” ва “Умида траст” масъулияти чекланган жамиятлари сингари кўплаб корхоналар фаолиятини кенгайтириш ҳисобидан ҳам янги иш ўринлари ташкил этилиши режалаштирилган. 

Туманда ижтимоий соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ҳудудда мавжуд мактабгача таълим муассасаларига 71,6 миллион сўм маблағ эвазига видеокузатув мосламалари ўрнатилиб, таълим-тарбия жараёни, таълим масканларидаги ошхоналар фаолияти назоратга олинди. Шунингдек, “Алтинтау” овул фуқаролар йиғинида қишлоқ врачлик пункти биносини таъмирлаш учун 175 миллион, жиҳозлашга эса 20,5 миллион сўм йўналтирилди. Кокпатас маҳалласи аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган ишлар давомида 281,3 миллион сўмлик иш бажарилди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
2 849