ЎзА Ўзбек

15.01.2020 Чоп этиш версияси

Навоийда 2019 йилда аҳолига 332 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди

Навоийда 2019 йилда аҳолига 332 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди

Давлат хизматлари агентлиги фаолияти хусусида сўз кетса, мижозлар энг аввало вақтдан ютгани хусусида фикр билдиради.

Албатта, илгари ушбу жараёнлар тўрт-беш идора эшигида соатлаб баъзан кунлаб вақт ўтказиш, турли ташкилотлардан маълумотномалар йиғиш билан амалга оширилар эди.

Мазкур хизмат фаолияти билан эндиликда фуқаронинг нафақат вақти тежалади, балки турли сарсон-саргардонликлар, тамагирлик ва бошқа бир қатор нохушликларга ҳам чек қўйилди.

Одамлар давлат аҳолига хизмат қилиши лозимлигини чинакам ҳис эта бошладилар.

Бугун биргина Навоий вилояти мисолида кузатадиган бўлсак, агентлик бошқармаси ва унинг ҳудудий марказлари томонидан аҳолига 130 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Хусусан, йил бошидан буён аҳолига 332 086 та давлат хизматлари кўрсатилиб, фуқаролар муаммолари ҳал этилди. Туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари томонидан жорий йил давомида жами 12 441 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Шундан, 7 463 та юридик шахслар, 4 978 таси юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади.Туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари томонидан жорий йил давомида 11 028 та сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатилган бўлиб, унда жами 701 та тадбиркорлик субъектлари сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, вилоятда 2018 йилга нисбатан 2019 йилда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатдан ўтказиш 4 маротабага, хизмат кўрсатиш эса 2 баробарга ортди. Юқорида кўрсаткичлар билан келтирган солиштирмаларимиз шуни англатадики, бу халққа манзур бўлган улар кутган хизматдир.

Шу тизимни Навоий вилоятида бошқараётганим сабабли соҳа билан боғлиқ жамоатчилик фикри доимо эътиборимни тортади. Одамлар гурунгида бир суҳбатни такрор ва такрор эшитяпман. “Ҳамманинг югур-югур қоғоз ишларини бир ерга жамлаб боплашибди, юрардик бир ҳужжат учун мингта эшикка бош суқиб....“,“...ГАИда битта гувоҳнома тайёрлаш учун ўзим икки ой чопганман, ҳозир 15 минутда давлат хизматларида ишинг битади...“, “...маълумотнома керакми, ҳеч қаерга овора бўлиб юрма, тўғри давлат хизматлари марказига бор, ишинг ҳам тез битади, ортиқча пул ҳам тўламайсан...“, “...барака топгурлар, шу йил неварам шу марказдан ҳужжат топширганди, ўқишга кириб кетди, бюджетга...“, “ дорихонам бор эди, лицензиялаш олиш учун анча “терласам“ керак деб уйлагандим, йўқ марказда ходим қайси кунга айтган бўлса, шу кунда рухсатнома чиқди, тизимга гап йўқ... “ ва ҳоказо.

Одамларнинг самимий суҳбатидан тизимнинг айни вақтда иш бошлаганига амин бўласиз. Аммо, ушбу хизмат аҳолининг айрим қатламлари учун бироз мушкул бўлаётгани рост. Қўли узун, корчалон, гапи ерда қолмайдиганларни марказларда боғчаларга фарзандларини қўйиш учун навбат кутишларидан билсангиз бўлади. Аҳолининг худди шу қатлами ижтимоий тармоқларда “ким ўйлаб топди ўзи шу боғча масаласини, ахир муаммо йўқ эди-ку“ деб ҳам пост қолдиряпти. Аслида бу муаммо ҳар доим бўлган, аммо халқ сизга ўхшаган таниш-билиши ва пора учун берадиган пули мўл бўлган “казо“лардан ўтиб ҳеч бир иш қилолмаган. Бу шунчаки гап эмас, айни ҳақиқат. Бу тизим биринчи галда коррупцияга барҳам бериш учун ташкил этилган. Кўз-кўзга тушмаслиги, қўл-қўлни танимаслиги натижасида албатта, одамларнинг давлат хизматига бўлган юмуши тез битади. Иккинчидан, оворагарчиликларга чек қўя оладиган ягона маскан. Битта эшикда битадиган масала учун 10 та “ўпқондек оғзи ланг дарвоза“ га боришга не ҳожат.

Тизим барча учун шаффоф. Жумладан, оммавий ахборот воситалари учун ҳам. Шу боисдан жамоатчилик учун номаълум бўлган айрим ҳуқуқбузарликлар ҳақида гапиришни ўринли деб биламан. Кўпчиликка маълумки, давлат хизматлари марказлари турли ташкилот ва идораларнинг электрон базаларига интеграция қилинган ҳолда фаолият олиб боради. Бунда аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатларига қонунларда белгиланган маъмурий регламентлар асосида хизмат кўрсатилади. Айрим ташкилот ва идораларга тушаётган мурожаатларни кўриб чиқиш ҳолатларида қоидабузарликлар содир этилгани туфайли аҳолидан шикоятлар тушиши бор гап. Хусусан, 2019 йил давомида жами 73 та таш
килотда ўрганиш ўтказилиб, ўрганишлар давомида жами 2 653 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Ушбу аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан ваколатли идораларга жами 52 та тақдимномалар киритилди. Киритилган таъсир чораси натижасида ваколатли идораларнинг 32 нафар ходимларига нисбатан интизомий жазо чоралари (шундан 7 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинган) қўлланилди. Шунингдек, бошқарма томонидан 124 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, 124 нафар масъул ходимлар маъмурий жавобгарликка тортилган.

Бир танишимиз Кореяда ишлайди, яқинда Ўзбекистонга келди. Юртимизда амалга оширилаётган ишларга доимо танқидий кўз билан қарайдиган феъли бор. Аммо, шу ўртоғим давлат хизматлари марказлари биноларининг очилишига оид хабарларни ижтимоий тармоқлардан кўриб, роса қувонганини айтди. “Кореяда бу тизим жуда зўр ишлайди, бизда қандай ишларкан?“ деб марказга кирган экан. Марказда одамлар учун яратилган имконият ва қулайликлардан мамнунлигини сир тутмади. Боиси, марказда тизим учун яратилган имиж, яъни ходимларнинг кийим бошидан тортиб, муомала маданияти ўзгача эканлигини ҳайрат билан таъкидлади. Электрон навбат ва соҳа янгиликларини етказиб турувчи мониторлар ҳар бир фуқаронинг диққатини тортишини қайд этди. Болалар майдончаси, тиббиёт хонаси, кафетерийлар ишлаб тургани оддий халқнинг ҳам мана шундай имкониятлардан текинга фойдаланишга имконияти борлигини билдиради. Давлат хизматлари маркази бу умумий қилиб айтганда замонавий ва барча учун бирдек хизмат кўрсатадиган маскан.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 2019 йилда вилоятнинг 6 та туманида давлат хизматлари марказлари янги биноларда иш бошлади. 2020 йилда яна Зарафшон шаҳар, Томди, Қизилтепа, Кармана туманларида марказларнинг янги бинолари ишга тушади. Умуман ҳар бир марказ қурилишида замонавий дизайн ва креатив ёндашувлар асосида уни халққа тақдим этишга одатланганмиз. Айни қурилиши кетаётган марказларда ҳам халқ кирадиган энг шинам ва қулай маскан бўлиши учун қурувчилар бор маҳоратлари кўрсатмоқдалар. Президентимиз ташаббуси ва ғоясида барпо этилган Давлат хизматлари агентлигининг келажагини давлат хизматлари кўрсатиладиган 300 дан ортиқ Европа давлатларидаги марказлар мисолида кўргим келади. Ташкил этилганига эндигина икки йил тўлган, фуқароларга 130 дан ортиқ давлат хизматини кўрсатаётган соҳада яна қанча давлат хизмати келиб қўшилади, билмадим. Аммо, шуни биламанки, Президентимиз ташаббусида очилган бундай марказлар фақат одамлар розилиги учун ишлайди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, давлат хизматлари турли идора ва фуқаролар ўртасидаги ўзига хос кўприк. Кўприк фаолияти эса ҳар доим қатъий тартибни талаб этадиган воқелик. Унга амал қилмаслик эса наинки ҳаракатдагилар балки кўприкка ҳам нисбатан эътирозларни келтириб чиқариши табиий. Умумлашганда буларнинг барчаси жамиятда маънавий муҳит соғломлигининг кўзгуси. Соғлом муҳит эса қудратлидир.

Баҳодир ТОШЕВ,
ДХА Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи

845
ЎзА