ЎзА Ўзбек

23.08.2018 11:51 Чоп этиш версияси

Навоий вилоятидаги 88 та савдо нуқтасида мактаб ярмаркалари фаолият бошлади

Навоий вилоятидаги 88 та савдо нуқтасида мактаб ярмаркалари фаолият бошлади Янги ўқув йили олдидан аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 10 августдан Навоий вилоятидаги 88 савдо нуқтасида мактаб ярмаркалари фаолият бошлади.

Мазкур арзонлаштирилган павильонларда 26 турдаги ўқув қуроли ва жиҳози, шунингдек, пойабзал ва кийим-кечак сотуви йўлга қўйилган.

– Мактаб ярмаркалари фаолиятини уюшқоқлик билан ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида маҳаллий ҳокимликларда ишчи гуруҳлар тузилган, – дейди вилоят халқ таълим бошқармаси таълим сифати мониторинги бўлими бошлиғи А. Аҳмедов. – Маҳсулотларнинг аксарияти мамлакатимизда ишлаб чиқарилган бўлиб, уларда миллий қадриятлар, буюк замондошларимиз суратлари акс эттирилишига алоҳида эътибор қаратилган. Асосий турдаги маҳсулотларни аниқланган эҳтиёж асосида мутасадди компания ва ташкилотлар етказиб бермоқда.

Вилоят марказидаги “Саховат бозори” масъулияти чекланган жамиятига қарашли Марказий деҳқон бозори ҳудудида ташкил этилган мактаб ярмаркаси айни кунда харидорлар билан гавжум. Савдо нуқталари тоза, озода, айниқса, уларнинг ҳар бирида терминал аппаратлари ўрнатилгани ҳам аҳолига манзур бўлмоқда.

– Биз, ота-оналар ҳар йили фарзандларимиз учун ўқув қуролларини айнан мактаб ярмаркасидан харид қилишга одатландик, – дейди Кармана туманидаги Камолот маҳалласидан келган Дилафрўз Каримова. – Чунки бу ерда керакли нарсаларни топиш мумкин. Энг муҳими улар сифатли, нархи ҳам арзон. Аҳоли учун яратилаётган бундай қулайлик ва ғамхўрликдан барча хурсанд.

– Тумандаги 1-умумтаълим мактаби қошида ташкил этилган ярмаркага ўғлим билан бирга келдик, – дейди томдилик Гулмира Баянасова. – Бу ерда харидорлар учун барча шароит яратилган. Сотувчиларнинг муомаласи ҳам жуда яхши. Ўғлим ўзига янги сумка, альбом, қалам танлади. Ўқув қуроллари ва жиҳозларни излаб, овора бўлиб бозор, дўконларга боришимизга энди ҳожат йўқ.

Мактаб ярмаркалари жорий йилнинг 10 сентябрига қадар давом этади.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
3 328