ЎзА Ўзбек

13.07.2018 12:48 Чоп этиш версияси

Навоий вилоятида тест синовлари қаерда ўтказилади?

Навоий вилоятида тест синовлари қаерда ўтказилади?
Шу кунларда барча олий таълим муассасаларида иш қизғин. Абитуриентлар учун эса, ҳаяжонли дамлар яқинлашмоқда. Устозларнинг машаққатли меҳнати ва касб танлаш остонасида турган ёшлар эгаллаган билим ҳадемай юзага чиқади. 

Олий ўқув юртларида тест синовларининг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 3 апрелдаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, тест синовини топшириш тартиби тубдан ўзгарди. Имтиҳон бўлиб ўтадиган биноларда жараённи тўлиқ назорат қилиш усуллари такомиллаштирилди. 

Навоий вилоятида ҳам 2018-2019 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш имтиҳонлари юқори савияда ўтиши учун пухта ҳозирлик кўрилди. Тест синовлари Навоий шаҳридаги “Ёшлар” спорт мажмуасида бўлиб ўтади ва бунинг учун 1080 ўринга мўлжалланган иккита зал зарур жиҳозлар билан таъминланди. Шунингдек, видеокузатувлар орқали жамоатчилик, жумладан, ота-оналар кириш тест синовлари жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориши, абитуриентларни шахсни идентификациялаш воситалари ҳамда текширув қурилмалари орқали бинога киритиш, барча видеоёзувлар сақланиши учун керакли шароитлар яратилди. Синовлар 1-15 август кунлари икки сменада ўтказилади ва унинг натижалари Давлат тест марказининг сайтида бериб борилади.

Жорий йилда Навоий давлат кончилик институтининг бакалавриатура босқичига 11 йўналиш бўйича 700 қабул квотаси ажратилган. Магистратура босқичига эса 9 йўналиш бўйича 51 нафар ёш қабул қилинади. Шунингдек, махсус сиртқи бўлимда 90 нафар абитуриентга ҳам талаба бўлиш насиб этади.

– Ҳозиргача ҳужжат топширган абитуриентлар сони 6 мингдан ошди, – дейди институт қабул комиссияси масъул котиби Ш.Бобоев. – Жорий ўқув йилида бакалавриатурада энергетика, магистратурада юқори молекулали бирикмалар кимёвий технологияси каби янги йўналишлар бўйича ҳам қабул бошланган. Бу билан саноат, кон-металлургия соҳасига қизиққан ёшлар учун имкониятлар янада кенгайди.

Навоий давлат педагогика институтида эса 20 йўналиш бўйича қабул ўтказилади. Мазкур олий ўқув юртида 1760 кундузги, 600 махсус сиртқи ва 60 магистратура йўналишига квота ажратилган.

– Сиртқи бўлимларни қайта тиклаш ҳақидаги мурожаатлар йилдан-йил ортиб бораётган эди. Мамлакатимизда олий таълим тизими тубдан ислоҳ этилиши натижасида жорий ўқув йилида институтимизда ҳам сиртқи бўлим очилди ва 9 йўналиш бўйича қабул бошланди, – дейди қабул комиссияси раиси Ш.Худоёров. – Мазкур бўлимга қабул 31 июлгача давом этади.

Бундан ташқари, олий таълим муассасасининг магистратура босқичида инглиз тили ва адабиёти, педагогика назарияси ва тарихи, таълим-тарбия назарияси ва методикаси, таълим муассасалари бошқаруви сингари янги йўналишлар ташкил этилди. 

Ҳозиргача Навоий давлат педагогика институтига ҳужжат топширган абитуриентлар сони 10 мингга яқинлашди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
8 182