ЎзА Ўзбек

11.02.2019 17:23 Чоп этиш версияси

Навоий мухлисларини чорлаган анжуман

Навоий мухлисларини чорлаган анжуман

Алишер Навоийнинг битмас-туганмас, барҳаёт ижоди инсониятга ибрат бўлишга арзигулик меросдир. Шоир номи билан аталувчи Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ташкил этилган “Алишер Навоий ва XXI аср“ мавзуидаги халқаро конференцияда бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топди.

Конференцияда Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг Алишер Навоий асарлари тўла факсимиле нусхалари тўпламини чоп этиш ҳақидаги ғоясига жавобан қатор давлатларнинг кутубхоналарида сақланаётган қўлёзмаларнинг рақамли нусхалари Буюк Британия, Озарбайжон, Туркия, Тожикистон вакиллари томонидан университетга тақдим этилди. Ушбу маросимда иштирок этган хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги элчилари Ўзбекистонда маънавий-маърифий соҳада олиб борилаётган ижобий ўзгаришларни мамнуният билан қайд этди.

– Ўзбек адабиёти билан анчадан буён шуғулланаман, – дейди Боку давлат университети профессори Рамиз Аскер. – Алишер Навоий ўзбек адабиётининг гултожи, даҳо шоиридир. Навоийшуносликка оид анжуманлар, семинарлар, навоийхонлик кечаларининг мунтазам иштирокчисиман. “Ҳайратул-аброр“, “Фарҳод ва Ширин“ каби асарларни тўлиқ, “Лайли ва Мажнун“ достонини эса ярмигача таржима қилдим. Бу борадаги ишларни давом эттириб, “Сабъаи сайёр“, “Садди Искандарий“ асарларини ҳам таржима қилишни режалаштирганман. Ўзбекистонликлар ғоят бебаҳо, беназир, дунёнинг ҳеч ерида учрамайдиган улкан мерос эгаси. Бунга ҳамма ҳавас қилса арзийди.

Асли миллати ўзбек бўлган Раъно Шерзод Термиз шаҳрида ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида таҳсил олади. Алишер Навоий ижодига катта эҳтиром билан қарайди.

– Мен Ўзбекистондек тинч, осойишта, бой маданий-маърифий, илмий меросга эга диёрда таҳсил олаётганимдан ғоят бахтиёрман, – дейди Раъно Шерзод. – Бу табаррук диёрда улуғ шоир Алишер Навоийнинг таваллуд айёми юксак савияда, кўтаринки ва байрамона руҳда ўтказилаётгани кўнгилларга ҳаяжон бағишлайди. Мутафаккирнинг туғилган санаси адабиёт, маънавият, шеърият байрами сифатида бошқа давлатларда ҳам кенг нишонланмоқда. Навоий Ҳиротда таваллуд топган. Ул зот мангу оромга кетган замин ҳам шу шаҳар. Шоир қўним топган масканни зиёрат қилиш учун минглаб одамлар келади. Бунинг асл сабаби шоир шеърияти, ижодининг асл мазмун-моҳияти эзгуликка, инсонпарварликка, одамийлик, меҳр-саховатга йўғрилганида, деб биламиз.

Буюк Британия, Озарбайжон, Туркия, Россия, Афғонистон, Франция, Қозоғистон, Ҳиндистон, Тожикистон каби давлатлардан келган профессорлар Ўзбекистондаги маънавий тарбия устуворлигига оид амалий ишлар, натижадор саъй-ҳаракатлар, бу борадаги эзгу ва ибратли интилишларни юксак баҳолади.

Назокат Усмонова, ЎзА​​
1 275