Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.07.2018 14:23 Чоп этиш версияси

Навоий давлат кончилик институтини 631 нафар бакалавр тамомлади

Навоий давлат кончилик институтини 631 нафар бакалавр тамомлади
Навоий давлат кончилик институтида “Оқ йўл сизга, битирувчилар!” деб номланган тадбир ўтказилди. Унда профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди. 

Жорий йилда ушбу муассасанинг бакалавриат босқичини 631, магистратурани эса 32 нафар талаба битириб, барчаси вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат фаолиятини бошлаш учун йўлланма олди. Бакалавр йўналишини 4 нафар талаба имтиёзли диплом билан битирди. 

Тадбирда институт ректори Қ.Санақулов сўзга чиқиб, мамлакатимиз саноатига малакали ва етук кадрлар тайёрлаб бераётган, олий таълим муассасалари ўртасида муносиб ўрнига эга мазкур таълим даргоҳи ва корхоналар ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани, талабаларнинг ишлаб чиқариш объектларида амалиёт ўташи учун зарур шароит яратилгани, жорий ўқув йилида электр энергетикаси, машинасозлик ва кимё технологияси каби йўналишлар ўқув машғулотларига хорижий олимлар жалб этилганини таъкидлади.

– Бугун имтиёзли дипломни қўлимга олганимдан жуда хурсандман, – дейди битирувчи Б.Расулова. – Келажакда бор билим ва кўникмамни юртимиз равнақи, саноатимиз тараққиётига бағишлаб, менга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан. 

Институтда истеъдодли талаба-ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг имконият ва салоҳиятини юзага чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жорий ўқув йилида республика фан олимпиадаларида 6 нафар талаба совринли ўринларни қўлга киритди. Муассасада таҳсил олаётган 29 нафар ёш спортчи эса нуфузли мусобақаларда вилоят шарафини муносиб ҳимоя қилди. 
Тадбир доирасида концерт дастури намойиш этилди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
4 755