Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

03.08.2018 10:56 Чоп этиш версияси

Навоий давлат кончилик институтига кириш имтиҳонлари қачон бошланади?

Навоий давлат кончилик институтига кириш имтиҳонлари қачон бошланади?
Айни пайтда Навоий шаҳридаги Ёшлар спорт мажмуасида Навоий давлат педагогика институти таълим йўналишларига кириш учун тест имтиҳонлари давом этмоқда. 

– Институтнинг кундузги ва махсус сиртқи йўналишларига жорий йилда 13 минг 412 нафар абитуриент ҳужжат топширди, – дейди қабул комиссияси масъул котиби Шуҳрат Худоёров. – Шулардан 1 минг 830 нафари тест синовларида иштирок этмоқда. Олимпиада ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган танловларнинг республика босқичи ғолиблари имтиёз асосида ўқишга қабул қилинади. Ижодий имтиҳон топшириладиган махсус йўналишларда кўзи ожизлар ва чет эл фуқаролари тест жараёнидан озод этилган. Навоий давлат педагогика институтига кириш учун имтиҳонлар 6 августгача давом этади. Белгиланган низомга асосан институтнинг кундузги таълим йўналишларига 1760, махсус сиртқи таълим йўналишларига эса 600 нафар талаба қабул қилинади.

Тест жараёнининг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш учун бинога кузатув, шахсни идентификация қиладиган камералар ўрнатилган. Жараён онлайн тарзда интернет ва абитуриентларнинг яқинлари учун ҳозирланган майдонларга ўрнатилган мониторлар орқали кўрсатиб борилмоқда.

– Мен жияним Феруза Олимовани қўллаб-қувватлаш, далда бўлиш учун у билан бирга Навоий шаҳрига келдим, – дейди Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи фуқаро Р.Ўринова. – Тест адолатли ўтяпти. Имтиҳонларни бевосита онлайн тарзда кузатиб, бунга амин бўляпмиз.

Навоий давлат кончилик институтига кириш имтиҳонлари эса 6 август куннинг иккинчи ярмида бошланиб, 10 августга қадар давом этади. Эслатиб ўтамиз, ушбу таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар ҳам Навоий шаҳридаги Ёшлар спорт мажмуасида тест топширади.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА