ЎзА Ўзбек

24.04.2018 16:58 Чоп этиш версияси

Навбатдаги хушхабар Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан

Навбатдаги хушхабар Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан

Устозлар дуоси, улуғ сиймолар олқиши ижодкор-у тадқиқотчиларга қанчалик маънавий мадад, беқиёс илҳом бахш этишини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 14 октябрь куни Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси ҳақида айтган қуйидаги сўзлари шу даргоҳда таҳсил олаётган талабалар қалбига муҳрланиб қолган:

“Энг муҳими, бугунги кунда юртимиздан Хоразмий бобомизнинг муносиб издошлари етишиб чиқаётгани барчамизни қувонтиради. Ана шундай ёшлардан бири, Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультети талабаси, Хоразм фарзанди Ҳакимбой Эгамберганов бунга яққол мисолдир. Бу истеъдодли йигитимиз қаторасига уч йил – 2014, 2015, 2016 йилларда математика бўйича чет мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро фан олимпиадаларида олтин медални қўлга киритган.

Бундай ёшлар тимсолида биз Хоразмий бобомизнинг ҳақиқий набираларини кўрамиз. Шундай билимли, баркамол, Ватанга садоқатли фарзандларимиз қанча кўпайса, Ўзбекистоннинг келажаги шунчалик буюк бўлиши муқаррар”.

Хўш, давлатимиз раҳбарининг бундай илҳомбахш сўзлари қайси талабанинг қалбини жўш урдирмайди! Ҳакимбой Эгамберганов шаънига айтилган бу сўзлар наинки унинг, балки ўнлаб тенгдошларининг ҳам қалбини тўлқинлантириб юборди. Ўтган қисқа давр мобайнида ЎзМУ талабалари бир нечта халқаро олимпиада ғолиблари бўлганлари ҳақида ОАВда ҳозиржавоблик билан ёритилган мақолалар иқтидорли талабаларни янги марралар сари илҳомлантирган бўлса ажабмас.

Навбатдаги хушхабар Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан келди.

Шу йил 21-23 апрель кунлари Санкт-Петербург шаҳрининг ИТМО (Санкт-Петербург информацион технологиялар, механика ва оптика миллий тадқиқот университети)да Шимолий давлатлар университетлари математика олимпиадаси (NCUMC – North Countries Universities Mathematical Competition) бўлиб ўтди. Шу пайтгача фақат онлайн-интернет орқали иштирок этаётган ЎзМУ талабалари бу гал бевосита олимпиада майдонида куч синашишга муваффақ бўлдилар.

Мазкур олимпиадада дунёнинг 30 дан ортиқ нуфузли университетларидан 150 га яқин энг иқтидорли талаба беллашдилар.

Ҳаяжонли кечган олимпиада натижаларига кўра ЎзМУ жамоаси 4 та олтин медални қўлга киритиб, биринчи даражали дипломлар билан тақдирландилар! Бу гал Ҳакимбой Эгамбергановнинг сафдошлари – Математика факультети 4-, 3-, 1-босқич талабалари Абдураҳмон Алиев, Сардор Бозорбоев, Толибжон Исмоилов бўлдилар.

Бундан ташқари мазкур олимпиада онлайн тарзида ҳам ўтказилиб, унда Математика факультети 4-босқич талабалари Шоҳруҳ Ибрагимов, Мирмуҳсин Маҳмудов, 1-босқич магистранти Бекзод Қурбонбоев олтин, 1-босқич магистранти Муҳриддин Ҳамидов кумуш ва 1-босқич талабаси Исмоил Турғунов бронза медалини қўлга киритдилар.

– Университетимизда Ҳакимбой Эгамберганов сингари иқтидорли ёшларнинг сафи тобора кенгайиб бораётгани барчамизга ғурур бахш этади, – дейди ЎзМУ ўқув ишлари бўйича биринчи проректори, физика-математика фанлари доктори Давлатбой Жумабоев. – Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 2 март куни “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига биноан, шу олий мукофот билан тақдирланганлар орасида Математика факультети 1-босқич талабаси Баҳора Абдусатторова ҳам борлиги барчамизга ғурур бахш этган эди. Демоқчиманки, университетимиз Математика факультетининг иқтидорли талабалари давлатимиз раҳбарининг эътиборига муносиб равишда аъло баҳоларга ўқиб, халқаро фан олимпиадаларида ўзларини намоён этмоқда.

Оққан дарё оққани мисол бу иқтидорли талабалар ЎзМУ мангу машъалига айланган Қори Ниёзий, Тошмуҳаммад Саримсоқов, Саъди Сирожиддинов каби улуғ алломаларнинг муносиб ворисларига, Маҳмуд Салоҳиддинов, Азимбой Саъдуллаев, Абдулла Аъзам каби академикларнинг умидли издошларига айланмоқдалар.

Тўлқин Эшбек, ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари


6 384