ЎзА Ўзбек

24.09.2019 Чоп этиш версияси

Наркотрафикка қарши кенг форматдаги халқаро анжуман давом этмоқда

Наркотрафикка қарши кенг форматдаги халқаро анжуман давом этмоқда

БМТнинг Жиноятчилик ва наркотикларга қарши курашиш бошқармасининг тадқиқотига кўра, 2018 йилда Афғонистонда кўкнори экиб етиштириладиган майдонлар 263 минг гектарни ташкил этиб, 6,4 минг тонна опий ишлаб чиқарилган.

Бу рақамлар замирида нималар ётибди? Миллионлаб гиёҳвандлар, ҳаётда ўз йўлини йўқотган одамлар, қаерга бош уришни билмаётган ёшлар, янада аянчлиси заҳри қотилдан кўз юмаётган инсонлар... Буларни тасаввур қилишнинг ўзи даҳшат.

Шу жиҳатдан гиёҳвандлик ва наркотрафикка қарши курашиш долзарблигича қолмоқда.

Тошкентда Яқин ва Ўрта Шарқда гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашишда халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида ташкил этилган йирик анжуман бу борада янги амалий чораларни кўришни мақсад қилган.

Эслатиб ўтамиз, Яқин ва Ўрта Шарқда гиёҳванд моддалар савдоси бўйича қуйи комиссиянинг 54-сессияси 27 сентябргача давом этади. (Мазкур қуйи комиссия БМТ Гиёҳванд моддалар бўйича комиссиянинг резолюцияси ва ЭКОСОС кенгашининг резолюциясига мувофиқ 1973 йилда ташкил этилган).

Кенг форматли тадбир БМТнинг Жиноятчилик ва наркотикларга қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази ташкилотчилигида ўтмоқда.

Тошкентдаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида 23 сентябрь куни ўз ишини бошлаган сессияда Афғонистон, Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Германия, Ҳиндистон, Италия, Эрон, Қозоғистон, Кувайт, Қирғизистон, Ливан, Покистон, Россия, Тожикистон, Буюк Британия, АҚШ, Яман каби давлатлардан вакиллар, халқаро ташкилотларнинг экспертлари иштирок этмоқда.

Тадбирнинг биринчи иш кунида гиёҳванд моддалар савдосига қарши курашишда минтақавий ва қуйи минтақавий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати муҳокама қилинган бўлса, иккинчи кунида сессия иштирокчилари бўлган давлатлар вакиллари ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Жумладан, Ўзбекистонда нарковазиятга хос эпидемиологик кўрсаткичларда бир неча йиллардан буён ижобий тенденциялар давом этмоқда. Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятлар сони йил сайин камайиб бормоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 2018 йилда мусодара қилинган наркотик воситаларнинг миқдори 41,2 фоизга камайиб, 1,17 тоннани ташкил этган.

Судлар томонидан 2018 йил мобайнида наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жами 2 минг 876 жиноят иши кўрилиб, 3 минг 691 шахсга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилган.

“Қора дори“ кенг қамровли тадбири давомида кўкнори ва наша ўсимликлари экилиши барвақт аниқланиб, уларни йўқ қилиш чоралари кўрилаётир.

Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш соҳасида икки ва кўп томонлама ҳамкорлик ишлари давом эттирилмоқда. БМТнинг минтақавий лойиҳалари мувофиқлаштирилиб, чегара ҳудудларда жойлашган назорат пунктларини модернизация қилиш ва қўшимча ускуналар билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

Тадбир доирасида гиёҳвандликка қарши курашишда тезкор маълумот алмашишни янада кенгайтириш бўйича фикр алмашилди. Чунки наркотикларнинг ноқонуний айланмаси бир мамлакат ёки ҳудуд билан чегараланиб қолаётгани йўқ. Наркотик моддалар етиштирувчилар ва уларни тарқатувчилар, сотувчилар ҳақида кенг тармоқли ахборот базаларининг яратилиши уларга қарши курашишни енгиллаштиради. Бу халқаро ҳамкорликка асосланган кураш бўлса, унинг натижаси янада самаралироқ бўлади.

Ана шу хайрли мақсадни олдига қўйган Тошкент анжумани давом этмоқда.

11.JPG

6.JPG

1.JPG

2 398
Норгул АБДУРАИМОВА, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА