ЎзА Ўзбек

23.07.2018 16:17 Чоп этиш версияси

Нанайда замонавий шифохона

Мамлакатимизда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, шифохоналар, айниқса, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётир.

Буни Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Нанай қишлоғидаги шифохона фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Вилоят марказидан қарийб 90, туман марказидан 40 километр узоқликда, Қирғизистон билан чегарадош тоғли ҳудудда жойлашган мазкур шифохона Нанай, Кўкёр, Мўғол, Оқтом, Қизилёзи ва Мамай қишлоқларининг 27 мингдан зиёд аҳолисига хизмат кўрсатади. Икки қаватли шифохонанинг болалар, ички касалликлар ва туғруқхона бўлимларида бир пайтнинг ўзида 60 беморга стационар хизмат кўрсатиш учун барча шароит яратилган. Физиотерапия, лаборатория, диагностика бўлимлари ЭКГ, рентген ва бошқа замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган. Биринчи ёрдам ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур дори-дармонлар билан таъминланган.

Шифохонанинг тез тиббий ёрдам бригадаси бир кеча-кундузда ўнлаб чақирув асосида беморлар уйига бориб хизмат кўрсатмоқда. Беморларга қулайлик яратиш ва сифатли ёрдам кўрсатиш мақсадида Кўкёр қишлоғида Нанай шифохонасининг иккинчи тез тиббий ёрдам бригадаси ташкил этилди.

Ўтган йили нанайликлар ҳудудда амалга оширилаётган кўплаб дастурий лойиҳалар қаторида Нанай қишлоқ шифохонасининг замонавий даволаш масканига айлантирилгани мисолида давлатимиз томонидан қишлоқ аҳолисига кўрсатилаётган эътибор самарасига амин бўлди. Шифохонага давлат бюджетидан 2 миллиард 390 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланиб, тубдан реконструкция қилинди. Қисқа вақт ичида бино томи замон талаблари асосида қайта ёпилди. Эшик-ромлар янгисига алмаштирилиб, барча хоналарга мармар тўшамалар, линолеумлар ётқизилди. Ҳар бир хона канализация тармоғига уланиб, иссиқ ва совуқ сув билан таъминланди.

Икки гектарлик майдонга 200 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт, 2000 тупга яқин турфа гуллар экилиб, ҳудудда сўлим боғ ташкил қилинди. Бугун шифохона ҳовлисида сайр қилган кишининг атрофдаги ободлик ва гўзалликдан баҳри дили очилади.

Имконияти ва тиббий хизмат кўрсатиш сифати шаҳар касалхоналаридан қолишмайдиган шифо маскани фаолиятидан Нанай аҳли ғоят мамнун.

Акромжон Сатторов, ЎзА
3 753