Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.07.2018 20:30 Чоп этиш версияси

Намунавий уйлар соҳиблари нимадан норози?

Намунавий уйлар соҳиблари нимадан норози?
Бойсунлик фуқароларнинг бу йил ҳам намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйимизга сел кирди, ҳовлимизни лойқа сув босди, деган гапларига ишонгимиз келмади.

Негаки, бу уйлар олдингидек дуч келган жойга гуваладан таваккал қурилмаган-да! Аниқ ҳисоб-китоб, хавфсизлик масаласи ҳар томонлама эътиборга олиниб, тегишли ташкилотларнинг хулосаси ва малакали мутахассислар тавсияси асосида барпо этилган.

Шундай экан, бундай гап-сўзлар қаёқдан чиқди?

Жорий йил 19 май куни Сурхондарё вилоятида кучли ёмғир ёғди, айниқса, Бойсунда кўп ёғди. Оқибатда туманнинг Мустақиллик маҳалласида бунёд этилган намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жойлар турли даражада талафот кўрди.

2d12e55b-cae7-478e-8e81-cdf2c12cb9f8.jpg

– Бойсун тоғли жой бўлгани боис баҳорда ҳам, ёзда ҳам кутилмаганда осмонда булут пайдо бўлиб, шаррос ёмғир ё дўл ёғиши ҳеч гап эмас, – дейди мазкур маҳаллада яшовчи Файзулла Нормаматов. – Осмонга булут чиқса, болаларимиз билан юрагимизни ҳовучлаб ўтирадиган бўлиб қолганмиз. Ишқилиб, уйимиз ёнидан ўтадиган сел ўзанидан тошиб кетмасин, дея хавотирда турамиз. Ишонинг, бу йил уйимизни биринчи марта сел босаётгани йўқ. Девор ва шифтлардаги ёриқлар ўша селларнинг таъсири. Аввал ҳам баҳорда шунга ўхшаш ҳодисалар юз берган. Бироқ, бу йилги ёғингарчилик бизни жуда шошириб қўйди. Ўзанидан тошган сел пишқириб, уй ичигача кириб келди. Бино чўкиб, хоналардаги ёриқлар кенгайди. Қўшимча иморатларга ҳам катта зарар етди. Экинлар лойқа остида қолди. “Жигули” машинамни сотиб, кўрилган зарарни қопладим. Энди сел суви йўлини ўзгартиришни сўраб, туман ва вилоят ҳокимлигига, бошқа мутасадди ташкилотларга мурожаат қилаяпмиз. Бунинг иложи бор, деб ўйлайман. Лекин натижа бўлмаяпти. Қуруқ ваъдадан бошқа бирон чора кўрилмаяпти. Иқлим йилдан-йилга ўзгариб бораётгани сабабли табиий офатдан жиддий хавотирдамиз. Замонавий уйда хотиржам яшаймиз, деб ўйлагандик, лекин бундай бўлмади, тўғриси, хурсанд эмасмиз. Яхшиям сел тошқини кундузи бўлди, мабодо тун бўлганида борми, худо асрасин! Мурожаатларимиз билан биз фақат ўзимизнинг эмас, сел йўли бўйлаб яшаётган барча аҳоли хавфсизлигини назарда тутмоқдамиз.

aabe2ede-6757-4678-a54e-20684410168a.jpg

fb8fa5e2-acde-42bf-8b5f-ba045ea34c43.jpg76c1fd28-23df-436d-8a4d-93e2ebfd466f.jpgdab59566-fdf0-40c4-b464-c1e3640ca3b5.jpg

Бундан саккиз йил муқаддам барпо этилган замонавий лойиҳа асосидаги 50 та намунавий уй Мустақиллик маҳалласи ҳудудидан ўтган Р-105 йўлининг ўнг томонидан ўтувчи катта сел йўли атрофида қад ростлаган. Бу селгадан тоғли туман марказида йиғилган ёмғир ва дўл сувлари оқади. Фуқаро Файзулло Нормаматов ва Дилором Алимовалар истиқомат қилаётган беш хонали намунавий уйлар орқасидан ўтган йўлга бетон қувурлар ётқизилиб, кўприк қурилган. Сел кўп келганда сув қувурга сиғмай, ана шу йўлдан тошиб, уч-тўрт метр чамаси пастликда жойлашган намунавий уйларни босиб қолмоқда, турар жойларга жиддий зарар етказмоқда. Бу замонавий уйларда яшаётган фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётир.

0f68ef04-e6be-4962-9471-f5b3ac9e122f.jpg
– Уй собиқ турмуш ўртоғим номига расмийлаштирилган, – дейди Дилором Алимова. – Эрим билан ажрашгач, суд уч фарзандим билан шу ерда яшаш учун қарор чиқариб берган. Сел таъсирида чўкиб, девор ва шифтлари ёрилиб қолган шу уйда яшаб турибмиз. Чиқиб кетайлик десак, бошқа борадиган манзилимиз йўқ. Осмонда қора булут пайдо бўлса, ёмғир томчиласа, хавотиримиз орта бошлайди. Айниқса, болалар "она уйимизни яна сел босадими?" деб жовдирайди. Уйни била туриб сел йўлида қуришганига ҳайронмиз. Энди айбдорни излаш ўрнига сел йўлини ўзгартириш чорасини кўриш керак.

Замонавий массивда истиқомат қилаётган Х.Саидов, К.Шодиев, Б.Тўраев, Б.Умаров каби 10 га яқин фуқароларнинг уйи бу йилги табиий офатдан турли даражада зарар кўрган. Улар келгусида сел тошқинининг олдини олиш ҳамда табиий офатга барҳам беришда ёрдам сўраб, туман, вилоят ҳокимлиги, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа мутасадди идораларга мурожаат қилган.

– Шуниси қизиқки, мурожаатимизга барча ташкилотлардан деярли бир хил жавоб келади, – дейди уйлари турли даражада зарар кўрган фуқаролар. – Нима бало, ҳамммасини бир киши ёзадими? Жавоб хатларининг аксарияти туман ҳокимлигиникига жуда ўхшаш. Жумладан, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳақиқатан ҳам уйларга зарар етганини қайд этиб, келгусида сел тошқинининг олдини олиш бўйича Бойсун тумани ҳокимлигига ёзма кўрсатма берилгани, намунавий уй-жой қуришга техник хулоса берган масъул мутахассислар ҳаракатига қонуний баҳо бериш учун ҳужжатлар Бойсун туман прокуратурасига юборилганини маълум қилган. Вилоят ва туман ҳокимлигидан келган жавобларда “... фуқаролар уй-жойига сел сувлари таъсир қилмаслиги учун сув йўлини тўсиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилгани ва қўшимча ишлар қилиниши режалаштирилаётганини маълум қиламиз”, деган мужмал жавоблар билан чекланилган. Селдан сўнг йўл тагидаги бир нечта бетон қувурлар олинди. Йўл бўйига экскаватор икки-уч ҳовуч тупроқ ташлади, холос. Шу билан бу ердаги ишлар тўхтаб қолди. Биз эски вино заводи олдидаги боғдан сел йўлини буриб, Шўрсойга оқизиб юборишни илтимос қилаяпмиз. Лекин, бирор-бир раҳбар жўяли гап айтмаётир.

de1ceaa8-145d-4ddf-b5b9-f1feb02b4353.jpg

– Ёғингарчилик пайти бутун Бойсун тумани марказида тўпланган сув шу ердан оқиб ўтади, – дейди “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Э.Ядиков. – Жорий йил 19 май куни кучли ёмғир ва дўл туфайли сел ўзанидан тошиб, маҳалладаги 32 ҳовлига кирди. Айниқса, сел йўлида жойлашган намунавий лойиҳалар асосидаги уйларга кўпроқ зарар етди. Деворлар ёрилган, айвонлари чўккан. Ўша куни маҳалла фаоллари билан бориб, намунавий уйларда юз берган ҳолатни ўз кўзимиз билан кўрдик. Далолатнома туздик. Ахир, бу муаммога чек қўйишнинг бирор чораси бўлиши керак-ку?! Тўғри, мутахассис эмасмиз, лекин сел йўлини ўзгартириб, Шўрсой сойига буриб юборса бўлади. Агар иш бошланса, маҳалла аҳли ҳам қараб турмайди, қўлидан келганча ёрдам қилади. Аммо эшитишимизча, шу ердан замонавий деҳқон бозори қурилар эмиш.

Табиий савол туғилади – янги бозорни ҳам сел суви босмайдими?

Бойсун тумани ҳокими ўринбосари Ш.Нормўминов бу йилги сел оқибати ва келгусида унинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида шундай деди:

cded11c0-6d22-4fd4-ba47-1a0893624538.jpg
– Сел тошқини айрим уйларга зарар етказди. Жиддий талафот кўрган хонадонларни аниқлаб, зарарни тўлаб бериш чоралари кўрилмоқда. Шунга асосан ўн беш оилага 636 миллион 413 минг сўм пул тўланади. Ҳозир бу таклиф тегишли тартибда ҳукуматга берилган. Маҳалла ҳудудидан ўтган Р-105 йўлидаги кўприкда сел тошқинларининг олдини олиш бўйича ҳимоя тўсиқлари ўрнатиш учун қурувчилар ишламоқда. Одамлар ёзаверади-да...

Шу куни сел олган кўприкни бориб кўрганимизда бу ерда на бир қурувчи ва на бир техника бор эди. Одамларнинг айтишича, сел тошқинидан кейин бу ерларга қурувчи зоти келган эмас.

Тоғли тумандаги замонавий массивда барпо этилган намунавий уйлар билан боғлиқ бу муаммо юзасидан вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутасаддиларининг фикри билан ҳам қизиқдик.

– Бойсунда юз берган табиий офатни атрофлича ўрганиб, туман ҳокимлигига, туман прокуратурасига тегишли таклиф ва хулосалар берилган, – дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари М.Хўжаев. – Бундан бир неча йил аввал Сариосиё туманидаги Фозилкўчди массивида қурилган намунавий уйлар билан ҳам худди шундай ҳолат юз берган эди. Ўшанда табиий офат ўзани ўзгартирилиб, келгусида юз бериши мумкин бўлган талафотларнинг олди олинди. Албатта, сел тошқини хавотирли, жиддий масала. Туман ҳокимлиги бунинг олдини олиш ҳақида чуқур ўйлаб, зудлик билан зарур тадбир белгилаши лозим.

Кучли ёғингарчилик туфайли табиий офатдан талафот кўрган фуқароларга зарарнинг қоплаб берилиши бу – халқимизга хос инсонпарварлик фазилатларидан. Катта йўл бўйидаги селгада ҳимоя тўсиқлари ўрнатиш эса вақтинчалик чора. Шу боис маҳалла аҳлининг фикри асосида сел оқимини ўзгартириш йўлларини кўриш зарурга ўхшайди. Ахир, замонавий массивда яшаётганлар ҳам катта йўл бўйига ҳимоя тўсиқлари ўрнатиб, вақтинчалик чора кўришни эмас, балки селга ўзанини Шўрсойга буриб, бир умр хавотирдан холи яшашни истамоқда. Бунга уларнинг тўла ҳаққи бор. Гап фақат фуқароларнинг ана шу манфаатини ким таъминлашида қолмоқда, холос.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
8 840