Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.02.2018 15:27 Чоп этиш версияси

Намунали таянч пунктлари

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Маданият саройида “Ички ишлар органларининг намунали таянч пунктлари” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.

Ички ишлар вазирининг ўринбосари, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Р.Жўраев ва бошқалар юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва тотувлик, маҳаллаларимиздаги осойишталикни сақлашда ички ишлар органлари, хусусун, профилактика инспекторларининг хизмати беқиёс эканини таъкидлади.

Мазкур танлов фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли муҳофаза этиш, маҳаллаларни хавфсиз ҳудудга айлантириш борасида профилактика хизмати ходимлари томонидан давлат бошқаруви органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган илғор тажрибани оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Танловда Сергели тумани “Навқирон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 242-таянч пункти профилактика инспектори, капитан Фаррух Аҳмедов биринчи ўринга лойиқ, деб топилди. Юнусобод тумани Увайсий номидаги маҳалла фуқаролар йиғинидаги 447-таянч пункти профилактика катта инспектори, капитан Қаҳрамон Кўчимов иккинчи, Шайхонтоҳур тумани “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 383-таянч пункти профилактика инспектори, лейтенант Равшанжон Риқсиваев учинчи ўринни қўлга киритди.

“Энг маҳоратли ва садоқатли профилактика инспектори”, “Ёшлар ва вояга етмаганлар бўйича энг фаол инспектор”, “Энг фаол жазони ижро этиш инспекцияси ходими”, “Ички ишлар органлари бошлиғининг Ёшлар масалалари бўйича энг фаол ўринбосари”, “Энг матонатли маҳалла посбони” сингари ўн номинация бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Совриндорларга диплом ва совғалар топширилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
9 520