Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.08.2018 12:19 Чоп этиш версияси

Наманганлик истеъмолчилар кўпроқ қайси ташкилотдан норози?

Наманганлик истеъмолчилар кўпроқ қайси ташкилотдан норози?
Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясининг мурожаатларни ўрганиш борасидаги 2018 йилнинг ўтган 6 ойлик давомидаги маълумотлари эълон қилинди.

Мазкур таҳлил мамлакатимизда қайси соҳаларда ислоҳотлар давр талабидан ортда қолаётганлиги билан бирга фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ўсиб бораётганлигини ҳам кўрсатмоқда.

Хўш, бу борада Наманган вилоятида қандай манзарани кўриш мумкин? Шу савол билан қилган мурожаатимизга биноан Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси Наманган вилояти ҳудудий бирлашмаси раиси Орифжон Бойбоев қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Жорий йилнинг ўтган биринчи ярмида ҳудудий бирлашманинг туман ва шаҳар жамиятларига фуқаролардан 353 та мурожаат тушди. Мурожаатларнинг 249 таси ёзма, 104 таси оғзаки шаклда қабул қилинди. Мурожаатлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 43 тага кўпайган. Бу юртдошларимизнинг ҳуқуқий маданияти ўсаётганидан далолатдир. Зеро, яқингача истеъмолчиларнинг арзимаган, яъни ўз жойида ҳал этилиши мумкин бўлган муаммолар бўйича ҳам прокуратура ёки вазирликларга мурожаат қилиши ҳолатлари кўп учрар эди.

Соҳалар бўйича ажратилганда мурожаатларнинг 80 таси газ таъминоти, 60 таси савдо, 58 таси электр таъминоти, 25 таси сув таъминоти, 20 таси транспорт, 14 таси соғлиқни сақлаш, 3 таси алоқа корхоналари томонидан истеъмолчи ҳуқуқларини бузилганлиги юзасидан ва 69 та бошқа турли масалаларга тааллуқли эканлиги қайд этилди. 

Мурожаатларни шаҳар ва туманлар кесимида таҳлили эса жойларда жамиятнинг қайси тизими ўз функциясини давр талаби даражасида бажармаётганлиги ёки аниқроқ айтиладиган бўлса юртдошларимиз қайси ташкилотдан кўпроқ норози эканлиги тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. 

Жумладан, Наманган шаҳридан 54 та мурожаат тушган бўлса, шундан энг кўпи (17 та) ни савдо ва газ таъминоти корхонаси (11 та) томонидан истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилаётгани хусусидадир.

Туманлар орасида энг кўп мурожаат Учқўрғон (51), Поп (47 та), Чортоқ (43 та), Янгиқўрғон туманларидан (39) тушган. Учқўрғон туманидан қабул қилинган мурожаатларнинг салмоқли қисми газ, сув ва электр таъминоти, поплик аризачиларнинг аксарияти транспорт ва газ, транспорт, электр хизмати, Чортоқ туманидан келган шикоятларнинг асосий қисмида газ таъминоти корхоналари фаолияти устидан шикоят қилинган.

Мазкур мурожаатларни ўрганиб чиқиш натижасида истеъмолчилар фойдасига жами 92 миллион 893 минг 700 сўм миқдорда бузилган ҳуқуқи тикланди, жумладан мурожаатларнинг 3 таси назорат ва 6 таси суд органлари орқали ҳал этилди.

А.Сатторов, ЎзА
5 610