Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.09.2017 15:29 Чоп этиш версияси

Наманганда юртимиздаги биринчи велойўлак фойдаланишга топширилди

Наманганда юртимиздаги биринчи велойўлак фойдаланишга топширилди Маълумки, олимлар томонидан сайёрамизда атмосфера ҳароратининг тобора кўтарилиб бораётгани, унинг сабаб ва оқибатлари ҳақида турли гипотезалар ўртага ташланмоқда. Бунда, албатта, иқтисодий тараққиёт омилларининг ҳам салбий таъсири бор. Жумладан, ёқилғининг органик турларидан фойдаланувчи электр ва иссиқлик станциялари, ички ёнув двигателларидан чиқаётган зарарли газлар атроф-муҳитга салбий таъсир этиш билан бирга, атмосфера ҳавоси ҳароратининг кўтарилишига ҳам сабаб бўлаётир.

Шу нуқтаи назардан, мустақилликнинг дастлабки йилларидан мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бугунги кунда дизель ёқилғиси билан ишловчи автомобиллар ва қишлоқ хўжалиги техникаларини газодизель мосламасига ўтказиш каби бир қатор йирик лойиҳалар асосида амалга оширилаётган ишлар атроф-муҳитга зарарли чиқиндилар чиқаришни тўрт баробар камайтириш, дизель ёқилғисини 70 фоизгача қисқартириш имконини бермоқда.

Наманганда юртимиздаги биринчи велойўлак фойдаланишга топширилди

Транспорт воситаси сифатида велосипеддан фойдаланишни тарғиб қилиш ва жорий этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам экологик муаммоларни камайтириш ва унинг салбий оқибатлари олдини олишга қаратилган эзгу мақсадлардан биридир. Бу амалиёт атмосфера ҳавоси ифлосланишининг камайиши, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришнинг муҳим омилларидан бири бўлиб, автомобиль йўлларидаги тирбандликларга чек қўйилиши билан аҳамиятли. Бундан ташқари, велосипед транспортини оммалаштириш иқтисодий жиҳатдан ҳам янги истиқболлар очади. Яъни, велосипед ва уларга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар, техник хизмат кўрсатувчи шохобчалар пайдо бўлиб, янги иш ўринлари яратилади.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати, Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ва Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Наманган шаҳрида барпо этилган замонавий велойўлак очилишига бағишланган маросимда бу ҳақда алоҳида таъкидланди.

– Велойўлак ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координаторининг “Экологик ташаббусларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасига кўмаклашиш – фаза II” лойиҳаси доирасида тажриба тариқасида бунёд этилиб, келгусида уни янада узайтириш ва бошқа вилоятларда ҳам барпо этиш кўзда тутилган, – дейди Ўзбекистон Экологик ҳаракати Наманган вилояти ҳудудий бўлими раҳбари Қ.Сўфижонов. – Уни ташкил этишдан мақсад атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, экологик зарарсиз бўлган велотранспортдан фойдаланишни кенг тарғиб қилиш, уни оммалаштириш ва инфратузилмасини ривожлантиришдир.

Ислом Каримов шоҳкўчаси бўйлаб барпо этилган велойўлак очилиши муносабати билан унда “Шаҳримизни биргаликда обод қилайлик!” шиори остида дастлабки веломарафон ўтказилди. Мазкур акцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори вакиллари, кенг жамоатчилик, велоспортчилар, журналистлар иштирок этди.

Наманганда юртимиздаги биринчи велойўлак фойдаланишга топширилди

Веломарафон иштирокчилари “Дўстлик” бозори майдонидан “Ёшлар боғи”гача бўлган 5 километрлик масофани босиб ўтди. Акция иштирокчиларини йўл бўйлаб маҳаллий аҳоли ва йўловчилар қўллаб-қувватлаб турди.

Акция доирасида Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори томонидан 80 дан зиёд велосипед вилоятдаги Меҳрибонлик уйи, мактаб-интернат, олий ўқув юрти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, экология ва тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ижтимоий муассасаларга совға қилинди.

Тадбир доирасида 26-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг мавзуга доир расмлар танлови ўтказилиб, фаол иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Веломарафон вилоят санъаткорлари ва ёш истеъдодлар иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
2 590






Все о погоде - Pogoda.uz