Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.08.2018 12:46 Чоп этиш версияси

Наманганда Ёшлар иттифоқи раиси ўзгартирилди

Наманганда Ёшлар иттифоқи раиси ўзгартирилди

Наманган шаҳридаги “Ёшлар маркази” конференциялар залида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.

photo5424799559390964294.jpg

Ташкилотнинг вилоят, туман ва шаҳарлар кенгашлари масъул ходимлари, фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган йиғилишда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгашининг ўтган бир йилдан зиёд вақт давомидаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди.

photo5424799559390964295.jpg

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосари Ўткир Шукуров сўзга чиқиб, вилоятда ёшлар билан ишлаш бугунги кун талабига тўлақонли жавоб бера олмаётгани, ташкилот ходимларининг аксарияти ўзининг функционал вазифаларини англай олмаётганини қайд этди. Ёшлар иттифоқининг Учқўрғон, Чуст ва Норин туманлари кенгашлари фаолияти хусусида қаттиқ эътирозлар бўлди.

photo5424799559390964298.jpg

Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги фармони билан тасдиқланган “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастурини кенг тарғиб этиш ҳамда унинг ижросини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Таъкидланганидек, бошланғич ташкилоти – Ёшлар иттифоқи фаолиятида муҳим ўрин тутади. Бироқ, вилоятдаги 1500 га яқин мана шундай бошланғич ташкилотлар ичига дадил кира олингани йўқ. Айниқса, таълим муассасаларидаги 700 га яқин бошланғич ташкилоти фаолиятини жонлантириш керак.

Қолаверса, Ёшлар иттифоқи давлат томонидан белгиланган имтиёз ва қулайликларни қўллашда қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик, коррупция каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслиги ҳам муҳим вазифа эканлиги таъкидланди.

Йиғилишда ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши таъсисчилигидаги “Ёшлар агро-кластери” директори Абдулазиз Мўминов Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Ўтган бир йил мобайнида вилоят ёшлар ташкилотини бошқариб келаётган Илёсбек Раҳимов эса “Ёшлар – келажагимиз” республика жамғармаси ижрочи директорининг биринчи ўринбосари сифатида иш олиб борадиган бўлди.

Маълумот ўрнида, Абдулазиз Мўминов 1990 йил 4 августда Наманган шаҳрида туғилган. Миллати ўзбек, маълумоти олий. Наманган муҳандислик-педагогика институтининг қурилиш факультети бакалавриат босқичини, Тошкент давлат архитектура ва қурилиш институти иқтисодиёт йўналиши магистратурасини тамомлаган. Мутахассислиги муҳандис-педагог, иқтисодчи. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоси. “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Абдулазиз Мўминов меҳнат фаолиятини “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Наманган вилояти кенгашида бошлаган. У мазкур тизим ташкилотларида турли вазифаларда самарали иш фаолиятини олиб борган. Талабалик йилларида Беруний номидаги давлат стипендиси совриндори бўлган. Ёшларни кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига жалб этишга қаратилган бир нечта лойиҳаларда истиқболли ташаббуслари билан иштирок этган.

Оқилхон Дадабоев, журналист