ЎзА Ўзбек

19.12.2019 Чоп этиш версияси

Наманганда япон футбол мактаби очилади

Наманганда япон футбол мактаби очилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи доирасида Токиода бўлиб ўтган Ўзбекистон-Япония Бизнес Форумида турли соҳаларда ҳамкорлик бўйича ўтказилган музокаралар натижасида Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Япониянинг Яманаши префектураси таниқли футбол клуби – “Ванфоре Кофу” ўртасида ҳамкорлик қилиш юзасидан англашув меморандуми имзоланди.

Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Окибжон Инамов ва “Ванфоре Кофу” президенти Казуюки Умино томонидан имзоланган келишувга кўра, Япония J2 League футбол дивизиони етакчи жамоаларидан бири бўлган ҳамда бой ўтмиши билан ажратиб турувчи “Ванфоре Кофу” ҳамда Наманган футболи ўртасида доимий ҳамкорлик ўрнатилади.

Япон клуби яқин даврда Наманганда ўз футбол мактабини очади, ушбу мактабнинг энг яхши тарбияланувчилари “Ванфоре Кофу” таркибига қўшилиш имконига эга бўлади. Шунингдек наманганлик мураббийлар учун япон мутахассислари иштирокида ўқув семинарлари, маҳорат дарслари ташкил этади. “Ванфоре Кофу” ҳамда “Навбаҳор” жамоалари асосий таркибларининг ўртоқлик учрашувлари ўтказиб турилади.

Умино имзолаш маросимидан сўнг Ўзбекистондаги телеканалларга берган интервьюсида ушбу келишувнинг япон футбол клуби нуқтаи назаридан тарихий воқеа бўлганини қайд этди, деб маълум қилади вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати раҳбари Д.Жумабоев.

Шунингдек, “Suzuki”, “Citizen”, “NNS”, “Pioneer”, “Daihatsu” каби Япониянинг ўнлаб таниқли йирик компаниялари ҳомийлигида фаолият олиб бораётган “Ванфоре Кофу” билан эришилган бу келишув ҳомий компанияларнинг Наманган вилоятига бўлган қизиқишини шакллантириш ва келгусида инвестициялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

2 809
Акромжон САТТОРОВ, ЎзА