ЎзА Ўзбек

26.01.2019 14:10 Чоп этиш версияси

Наманганда олий маълумотли тиббиёт кадрлар тайёрланади

Наманганда олий маълумотли тиббиёт кадрлар тайёрланади


Кейинги йилларда Россиянинг Свердловск ва Ўзбекистоннинг Наманган вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий, ижтимоий соҳаларда ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда. Икки вилоят раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда имзоланган битимлар бунинг яққол далилидир. Айни кунда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Фахриддин Маткаримов бошчилигидаги делегация Россиянинг Свердловск вилоятида меҳмон бўлиб турибди. 

Тиббиёт соҳасида мутахассис кадрларни тайёрлаш мақсадида иккита битим имзоланди. Энг қувонарлиси эндиликда Наманган вилоятида ҳам олий маълумотли тиббиёт мутахассислари тайёрланиши учун имконият яратилди. Урал давлат тиббиёт университети билан ҳамкорлик шартномасига мувофиқ энди Наманган давлат университетида тўртта йўналиш бўйича, яъни даволаш иши, педиатрия, стоматология, фармацевтика йўналишлари бўйича янги факультетлар ташкил этилади. Эътиборлиси, талабалар янги ўқув йилидан бошлаб қабул қилинади. Шунингдек, наманганлик тиббиётчилар Урал давлат тиббиёт университетида малака ошириш курсида ўқиб, у ердаги клиникаларда амалиёт ўташади.

Ҳамкорлик ишидан Урал давлат тиббиёт университети ректори Ольга Ковтун миннатдор эканлигини билдириб, келгусида ушбу алоқалар яна ҳам мустаҳкамланиши лозимлигини таъкидлади.

Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов барча саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз, хусусан вилоятимиз аҳлини тиббиёт соҳасига бўлган эҳтиёжини қондириш Президентимиз томонидан қўйилган муҳим талаб эканини, бу йўлда юқоридаги ҳамкорликнинг аҳамияти хусусида мамнуният билан хабар берди.

Санжарбек Ҳамидов

ЎзА​​
4 420