ЎзА Ўзбек

23.01.2018 17:50 Чоп этиш версияси

Наманганда "MedData AАT" ишга туширилди. Янги лойиҳа аҳоли саломатлигини таъминлашда қандай аҳамиятга эга?

“MedData AAT” воситасида шифохона бемори электрон тиббий баённомасини юритиш усуллари” мавзусидаги тадбирда мазкур тизимнинг аҳамияти, уни амалиётга татбиқ этиш йўллари ва эришиладиган натижалар кўргазмали тарзда намойиш этилди.

– Инновацион технологияларни амалиётга татбиқ этиш давр талабидир, – дейди Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Абдували Мавлонов. – Мамлакатимизда биринчилардан бўлиб бизнинг шаҳримизда жорий этилган “Электрон поликлиника” тизими қисқа вақтда тиббий хизмат кўрсатиш тезкорлиги ва аниқлиги юқори бўлишини кўрсатди. Бугун ишга туширилган “MedData AAT” автоматлаштирилган ахборот тизими ҳам тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Амалга оширилган лойиҳа шифохонанинг барча бўлимлари иш жараёнини локал тармоқ орқали ягона тизимга бирлаштириш имконини беради. Қабулхона, лаборатория диагностикаси ва текширувлар, барча бўлимлар фаолиятига оид маълумотлар тармоқда тўлиқ ифодасини топади. Беморнинг касаллиги, даволаниш жараёни ва муолажалар электрон хотирага муҳрланиши натижасида келажакда зарурат туғилганида касаллик тарихига оид ҳужжатларни архивдан излаш каби кўп вақт талаб этадиган ишга ўрин қолдирмайди.

– Лойиҳада кўзда тутилганидек, шаҳар марказий шифохонасининг барча бўлимлари локал тармоқ орқали бир-бири билан боғланди, – дейди “MedData AAT” дастури муаллифи Ҳусанбой Усмонов. – Бундан беморнинг ўзи ҳам хабардор бўлади. Яъни даволанувчи лабораторияга текширув учун қон топширган бўлса, таҳлил натижалари бемор ётган бўлимдаги компюьтерда кўринади. Бундан ташқари, шифокорнинг қайсидир беморда даволаш-диагностика стандартларига мувофиқ олиб бораётган амалиётини бўлим мудири назорат қилиб туради. Янгиликнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, энди кўп варақли касаллик тарихини тўлдириш шарт эмас, маълумотлар электрон база хотирасида акс этади.

Ушбу замонавий ва илғор ишланма жуда муҳим аҳамиятга эга. Автоматлашган ахборот тизимида тиббиётга оид билимлар базаси йиғилган. Жумладан, халқаро касалликлар таснифи даражасида маълумотлар, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишлаб чиққан даволаш-диагностика стандартлари тизимга сингдирилган. Шифокорлар даволаш жараёнини мазкур стандартлар асосида текшириб кўриш имкониятига эга. Шунингдек, касалхона қабулхонасида беморлар электрон баённомасининг очилиши тезкорликни оширади, кўпроқ беморга хизмат кўрсатиш имкониятини кенгайтиради. Шифохонада даволаниб чиққан беморга саноқли дақиқаларда “Касаллик тарихи”дан кўчирма берилади.

Кўргазмали семинар қатнашчиларига шифохона қабулхонасида беморларнинг шахсий маълумотини “MedData AAT”га киритиш ва электрон тиббий баённомани рўйхатга олиш, беморларда ўтказилган тегишли таҳлил ва текширувлар натижасини тизимга юбориш, шифокорлар томонидан электрон тиббий баённомалар юритилиши амалий тарзда кўрсатилди.

– Семинарда янги технологиянинг аҳамиятини ўз кўзимиз билан кўрдик, – дейди Поп тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Рустамжон Раҳматуллаев. – Яқин вақтлар ичида “MedData AAT” автоматлаштирилган ахборот тизимини туманимизда ҳам жорий этишни мақсад қилиб қўйдик.

Айни пайтда вилоятдаги яна ўнта тиббиёт муассасасида автоматлашган ахборот тизимини жорий этиш устида иш олиб борилмоқда.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
9 064