ЎзА Ўзбек

09.11.2019 Чоп этиш версияси

Наманганда халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш тизими ўрганилди: Ҳолат ачинарли

Наманганда халқ таълими ходимларининг малакасини ошириш тизими ўрганилди: Ҳолат ачинарли

Бугунги кунда мамлакатимизда таълим соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг асосий мезонларидан бири барча турдаги таълим муассасаларида сифатли таълимни таъминлаш, жумладан, ўқитишнинг замонавий усулларини кенг жорий этиш орқали республика ҳудудларидаги малака ошириш марказларида педагог кадрларнинг касбий малакаларини юксалтириб бориш устувор вазифалардан биридир.

Малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизими фаолиятини ўрганиш ва амалий кўмак бериш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Ташкенбаев томонидан Наманган вилоятидаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказида фаолияти ўрганилди.

Ўрганишлар жараёнида таълим сифати билан боғлиқ бўлган қуйидаги йўналишлар бўйича қатор камчиликларнинг мавжудлиги ва уларни бартараф этиш юзасидан муассаса раҳбарияти томонидан тизимли ишлар амалга оширилмаётганлиги қайд этилди.
Жумладан, ноябрь ойи режасига мувофиқ 16 та малака ошириш йўналишлари бўйича ташкил этилган 25 та гуруҳларда (режа бўйича жами 625 нафар тингловчи) тингловчиларнинг машғулотларга қатнашишлари юзасидан тушунтириш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаганлиги сабабли ўқув машғулотлари бошланганига бир ҳафта бўлган бўлса-да, дарс машғулотларига сурункали иштирок этмаганликлари учун 11 нафар тингловчилар малака ошириш курсидан четлаштирилишига йўл қўйилган.

Таълим муассасаси биносида жами 36 та ўқув хоналари мавжуд бўлиб, шундан, 19 та проектор, 9 та смарт телевизор ҳамда 5 та электрон доскалар билан таъминланган. Лекин, ушбу замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан дарс машғулотларида самарали фойдаланишда педагог кадрларнинг билим ва кўникмалари етишмайди.

Масалан, “Мактабгача таълим тарбиячилари” йўналишидаги “Мутахассислик методикаси” ўқув модули бўйича дарс таҳлили кузатилганда, мавзуга оид электрон анимацияли ўқув материаллари мавжуд бўлса-да, ўқув хонасидаги компьютер ва Смарт ЛEД электрон доскасидан фойдаланиш, яъни ҳатто уни ишлатиш ва дарс жараёнида фойдаланиш кўникмаларига ҳам эга эмаслиги қайд этилди.

Мазкур таълим муассасаси педагог кадрларнинг сифат кўрсатгичини ошириб бориш, тажрибали, илмий даражали, ўқитиш методикалари бўйича чуқур билим ва кўникмаларга эга бўлган педагогларни жалб қилиш юзасидан вилоятдаги мавжуд 3 та олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ишлари самарали ташкил этилмаган. Бунинг натижасида бугунги кунда мазкур таълим муассасасидаги жами 163 нафар педагогларнинг бор-йўғи 18 фоизга яқини илмий даражага эга холос. Илмий даражали педагог кадрларни йўналишлар бўйича малака ошириш курсларига жалб қилиш ишлари суст ташкил этилган. Малака ошириш курсларида йўналишлар бўйича фаол иштирок этаётган тингловчиларнинг иқтидорларини баҳолаб бориш (рағбатлантиришнинг турли шакллари) механизмлари жорий этилмаган.

Яна бир ҳолат, малака оширишнинг кимё, физика йўналишлари бўйича ўқув модулларининг лаборатория-амалий машғулотларида кимёвий реактивлар ҳамда лаборатория жиҳозлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли машғулотлар назарий шаклда олиб борилмоқда. Бугунги кунда тингловчилар учун Ахборот-ресурс марказида аниқ фанлар, амалий фанлар, мактабгача таълим-тарбия каби малака ошириш йўналишлари бўйича ўқитиш методикалари бўйича методик ишланмалар ва ўқув қўлланмалари етишмайди.

Шу билан бирга, таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларга тайёргарлик бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам ўрганилди. Малака ошириш курслари давомида таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш ва ташкил этиш тўғрисида тушунчалар бериш юзасидан Таълим инспекцияси томонидан бир қатор таклиф ва тавсиялар берилган бўлишига қарамасдан топшириқлари ижроси юзасидан 23 та малака ошириш йўналишларидан фақат 6 тасининг ишчи дастурларига тегишли ўзгартиришлар киритилган холос. Қолган 17 та йўналишларнинг ўқув модулларига тегишли қўшимчалар киритиш юзасидан тегишли ишлар амалга оширилмаганлик ҳолатлари кузатилди.

Ўрганиш якунларида Таълим инспекцияси бошлиғи У.Ташкенбаев раислигида таълим сифатини оширишда учрайдиган камчиликларни бартараф этиш чораларини белгилаш мақсадида вилоятдаги 3 та олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлар, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ҳамда Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларни малакасини ошириш минтақавий маркази раҳбарияти, кафедра мудирлари иштироки танқидий равишда муҳокама қилинди.

Муҳокама жараёнида мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида кимё йўналиши бўйича тингловчиларнинг лаборатория амалий машғулотларини сифатли ташкил этиш юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан зарур кимёвий реактивлар билан таъминлаб берилишига эришилди.

Шунингдек, Таълим инспекцияси бошлиғининг таклифига биноан вилоятдаги 3 та олий таълим муассасалари ректорларига ҳамда таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг вилоят бўлими ходимларига вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги таянч мактабларида энг тажрибали педагоглар ва методистлардан иборат ишчи гуруҳларини шакллантириш ва улар ёрдамида режа-график асосда ҳар бир туманда фанлар бўйича ўқитиш методикаларининг энг замонавий усулларини жорий этиш юзасидан ўқитувчиларнинг касбий билим ва кўникмаларини ошириб боришга йўналтирилган “Мастер-класс” ўқув семинарларини жорий этиш таклифи билдирилди ва бу таклиф қўллаб-қувватланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси
Матбуот хизмати

3 010
ЎзА