Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

04.08.2018 11:36 Чоп этиш версияси

​Наманганда чет тиллар ўқув маркази иш бошлади

​Наманганда чет тиллар ўқув маркази иш бошлади

Наманган шаҳрида инновация ва инвестиция йўналишларида ёшларга дастлабки билим кўникмасини берадиган “Mugunghwa” чет тиллар ўқув маркази очилди.

4.jpg

“Trust Vision” масъулияти чекланган жамияти қошида ташкил этилган марказнинг очилишига бағишланган тантанали маросимда Наманган шаҳар ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари, фахрийлар ва ёшлар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама камол топтириш, жумладан, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш йўлида чет тилларини ўқитишга катта эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

8.jpg

– Мамлакатимизда чет тилларини ўргатишда давлат таълим муассасалари билан бир қаторда, хусусий ўқув марказлари муҳим роль ўйнамоқда, – дейди Наманган шаҳар ҳокими Ш.Абдураззоқов. – Бу борада уларга кенг имконият ва имтиёзлар берилаётгани ўз самарасини бермоқда. Бир неча чет тилини билиш – давр талаби. Бизга инновация, инвестиция, таълим соҳаларида илғор тажрибаларни юртимизда татбиқ этадиган кадрлар керак. Бундай ўқув марказлари шундай қобилиятга эга ўғил-қизлар учун бошланғич таянч нуқтаси бўлиб хизмат қилади.

10.jpg

Йиғилганлар ўқув марказида яратилган шарт-шароит ва имкониятлар билан танишди. 

Марказда 6 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўқувчиларга корейс, рус, инглиз, хитой, япон ва араб тиллари ўқитилади. Бир вақтнинг ўзида қирқ нафарга яқин ўқувчига машғулот ўтиш учун синфхоналарида қулайлик ва имкониятлар муҳайё этилган. Бир кишилик стол-стуллар, ёзув тахталари, кўргазмали ўқув қуроллари каби замонавий воситалар билан жиҳозланган. 

11.jpg

Шунингдек, ахборот коммуникация технологиялари билан таъминланган электрон кутубхона бир йўла 16 нафар ўқувчининг билимини бойитиш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.

14.jpg

– Фаолиятимизни 2016 йилда бошлаганмиз, – дейди “Trust Vision” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, ёш тадбиркор Ж.Каримов. – Ўтган йиллар мобайнида Тошкент, Фарғона шаҳарларида, Янгиқўрғон туманида очган ўқув марказларимизни минг нафардан зиёд ёшлар битириб, бугунги кунда улардан юз нафардан кўпроғи Корея, Хитой, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари каби ўнлаб давлатларда ўқишни давом эттирмоқда. Ушбу ўқув маркази Наманган шаҳридаги иккинчи муассасамиздир. Марказимиз фаолиятини такомиллаштириш борасида Корея Республикаси олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз.

Акромжон Сатторов, ЎзА