ЎзА Ўзбек

15.03.2019 13:45 Чоп этиш версияси

Наманган вилояти собиқ прокурори билан боғлиқ миш-мишлар қанчалик асосли?

Наманган вилояти собиқ прокурори билан боғлиқ миш-мишлар қанчалик асосли?

Ижтимоий тармоқлар, айниқса, хорижий интернет-сайтларда мансабдор шахсларнинг қўлга тушгани ёки қамоққа олингани ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушади.

Улар баъзан уйдирма бўлса, баъзан рост бўлиб чиқади. Шу боис ҳар сафар шундай янгиликка дуч келганда “ростмикин?” деган фикр ҳаёлдан ўтади. 

Ахборот тарқатувчи журналист шундай ўйда турганда, соҳадан йироқ оддий одамларнинг ҳолини тасаввур қилаверинг. Гоҳида бундай ҳол ўринсиз миш-мишлар тарқалишига ҳам сабаб бўлиши ачинарли ҳол.

Шу боис шов-шувли маълумотларга дуч келганда, уларга аниқлик киритиш, халққа аниқ ва расмий ахборот бергимиз келади. Бунинг учун, албатта, расмий манбалар, яъни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар матбуот ёки ахборот хизматлари масъуллари билан боғланамиз.

Тан олиш керак, бундай хизматлар ҳозирги кунда анча фаоллашган. Сўралган маълумотни шу заҳоти етказиб бериш амалиёти ривожланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Ички ишлар, Адлия вазирликлари бунга мисол бўла олади. Лекин гоҳида улардан маълумот олиш ҳам қийин кечади.

Мисол учун, ижтимоий тармоқлар орқали “Қодировни тергов қилган прокурор ҳам қамоққа олинди” сарлавҳали хабар тарқалди. Унда жорий йилнинг 8 март куни Наманган вилоятининг собиқ прокурори Улуғбек Тошев юқори лавозимдаги амалдорга катта миқдорда пора бераëтган пайтда ДХХ ходимлари тарафидан ушлангани қайд этилган. Тошев 50 минг АҚШ доллар пора бераëтган пайтда қўлга олиниб, унга нисбатан қамоқ эҳтиëт чораси белгиланган эмиш.

Ушбу хабарга аниқлик киритиш мақсадида Бош прокуратуранинг матбуот хизмати билан боғландик. Матбуот хизматида У.Тошевнинг ушлангани ҳақида маълумот йўқ экан.

У.Тошев ДХХ ходимлари тарафидан ушланди, деган хабарга асосланиб Давлат хавфсизлик хизмати матбуот марказининг 71 252-96-58 рақамли телефонига боғланишга уриниб кўрдик. Аммо, телефон қўнғироқларимиз жавобсиз қолди.

Ҳозирча шундай, очиқ жавоб ололмаяпмиз. Аммо, яна уриниб кўрамиз.

Сайтимизни кузатиб боринг.

Норгул Абдураимова, ЎзА
8 075