Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.12.2017 10:16 Чоп этиш версияси

Наманган шаҳрида 8 та кўп қаватли турар жой биноси фойдаланишга топширилди

Наманган шаҳрида 8 та кўп қаватли турар жой биноси фойдаланишга топширилди Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини янада юксалтириш, айниқса, ёш ва кам таъминланган оилаларни уй-жой билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Наманганда Президентимизнинг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017 – 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида замонавий уй-жойлар бунёд этилди. 336 оилага мўлжалланган 8 та етти қаватли бу уйларда аҳолининг замонавий ҳаёт кечириши учун барча шароит яратилган.

6.jpg

“Ўзшаҳарқурилишинвест” инжиниринг компанияси буюртмасига мувофиқ “Тошуйжой ЛИТИ” акциядорлик жамияти лойиҳалаштирган ва умумий қиймати 32 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа “Ипотекабанк” акциядорлик тижорат банки томонидан молиялаштирилди. Қурилиш-монтаж ишлари бош пудратчи “Янги замон бино” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Дегрез қурилиш савдо саноат сервис”, “Сардорбек Арслонбек транс”, “Янгиқўрғон қурилиш монтаж”, “Муҳаммадсаид қурилиш савдо”, “Қурувчи”, “Калисто сервис” каби ёрдамчи пудратчи корхоналар томонидан амалга оширилди. Электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, оқава сув тармоқлари билан таъминланган уйлар атрофида болалар майдончалари, автомобилларни қўйиш жойи ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этилган.

4.jpg

– Барча аёлларнинг орзусидаги уй бўлибди, – дейди янги уй соҳибаси У.Собирова. – Ҳар бир хонадонга алоҳида, мустақил иситиш тизими ўрнатилган, ошхона, ювиниш хоналари замонавий андозаларда жиҳозланган. Лифт бир маромда ишлаб турибди. Наманган шаҳридаги 5-умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлайман, икки фарзандим бор. Шундай уйни анчадан буён орзу қилардим, Яратганга шукр, мана ушалди. Уйларнинг узоқ муддатга имтиёзли кредит асосида берилаётгани Президентимиз томонидан кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик ифодасидир.

7.jpg

Уйларнинг бошланғич бадали давлат томонидан тўлаб берилди. Янги уйга кўчиб ўтганлар орасида бир гуруҳ жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ҳам бор.

12.jpg

– Шундай замонавий уйнинг биринчи қаватидан ҳамма ҳавас қиладиган бир хонадонга эга бўлдим, – дейди I-гуруҳ ногирони Б.Шарифжонов. – Бу ҳаётдан эзилиб юрган кўнглимни тоғдек кўтариб, яшашга иштиёқимни янада оширди. Бунинг учун давлатимиздан беҳад миннатдорман. Илоҳим, юртимиздан шундай файзу барака кўтарилмасин!

Катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бундай бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилмоқда. Бунинг самараси сифатида 2018 йилда шаҳарнинг Исломобод маҳалласида 588 хонадонга мўлжалланган яна 14 кўп қаватли арзон уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилади. 2020 йилгача эса бундай уйлардан яна 56 тасини қуриш режалаштирилган.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров сўзга чиқди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадаминов (сурат), ЎзА
2 787






Все о погоде - Pogoda.uz