ЎзА Ўзбек

28.08.2020 Чоп этиш версияси

Нақшбандия тариқатининг юртимизда яшаб ўтган сўнгги пири ҳақида биласизми?

Нақшбандия тариқатининг юртимизда яшаб ўтган сўнгги пири ҳақида биласизми?

«Тамаддун» нашриёти нақшбандия тариқатининг юртимизда яшаб ўтган сўнгги номдор пирларидан бири Қутбиддин ибн Муҳйиддинхон Ургутий ҳақида «Зоти Бобаракот» номли китобни нашр этди.

Китобда олимнинг ўзига хос мураккаб ҳаёт йўли, илм-фан тараққиётига қўшган ҳиссаси, ахлоқий тарбия билан боғлиқ қарашлари, кишиларни ҳалоллик, комилликка чорловчи даъватлари, илмий ва ижодий фаолияти ҳақида қимматли маълумотлар батафсил берилган. Шу билан бирга улуғ олимнинг шогирдлари томонидан ёзилган хотиралар ҳам китобдан кенг жой олган.

«Зоти Бобаракот»га таниқли адабиётшунос Султонмурод Олим мухтасар сўзбоши ёзган.

Атоқли олимлар Ғайбулло ас-Салом, Нажмиддин Комилов, академиклар Ботурхон Валихўжаев, Эргаш Фозилов, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидов, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов, адабиётшунослар Ҳасан Қудратуллаев, Шерали Турдиев, профессор Дилором Салоҳий, шоир Тилак Жўра ва кўплаб таниқли зиёлиларнинг дил сўзлари, хотираларини ўқиб улуғ олим ҳақидаги тасаввурларингиз бойийди. Ёзувчи Олмос отаси – Ғафур Ғулом ва Қутбиддинхон Эшоннинг ўзаро дўстона муносабатлари ҳақида қизиқарли маълумотларни ҳикоя қилади. Алломанинг набираси Абдували Қутбидиннинг бобосига бағишланган шеъри ҳам самимийлиги билан китобхонни ўзига тортади.

Шайх Қутбиддинхон яшаган замон нозик эди. У, дастлаб Тожикистонда, кейин Тошкентда – Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтида самарали фаолият олиб боради. Кўплаб ёшларга устозлик, мураббийлик қилади.

Қутбиддинхон Эшон Қуръон, ҳадис ва тасаввуф илми билимдони бўлиши билан бирга Қутбий тахаллуси билан форсий ва туркчада гўзал ахлоқий шеърлар ҳам ижод қилган...

«Тамаддун» нашриёти томонидан нашр этилган ушбу китоб ҳар қандай китоб жавонига безак бўла олади. Кўнгилларга нур, сурур олиб киради. Ушбу китоб ҳаёти бошдан охир ибрат бўлган улуғ ватандошимиз ҳақидаги кемтик тасаввурларимизни бойитишига хизмат қилади.

7 578
ЎзА