ЎзА Ўзбек

24.08.2018 17:20 Чоп этиш версияси

На иссиғига, на совуғига кўнамиз

Кейинги кунларда кўча-кўйдаги гап-сўзлар, ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларни кузатиб, биз ўзи нимани истаймиз, деб ўйланиб қоласан киши.

Тошкентдаги тунги барда содир этилган мудҳиш воқеа кўпчиликни сергак торттирди. Яна муҳокамалар авж олди. Кимдир “бундай масканларни ёпиш керак?” деса, бошқаси “барлар ана шунақа ишларнинг уяси”, деди. “Барчаси ичкилик туфайли, алкоголь маҳсулотлари сотилиши тартибга солиш керак”, деган фикрни билдирганлар ҳам кўпчиликни ташкил этди. “Кўчада юриш-туриш одамнинг ўзига боғлиқ, тунги барларда дам олишни истайдиган ҳам бор”, дегувчилар ҳам топилди.

Хуллас, одамлар турли хил фикрларни айтди, ўз муносабатини билдирди. Кўпчиликнинг фикри бир-бирига тўғри келмаслиги ҳам табиий. Буни ҳам барчамиз яхши биламиз. Лекин умумманфаат, халқнинг хоҳиш-истаги, деган тушунчалар ҳам бор-да.

Шу тарзда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида” ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилгач, мунозаралар яна ҳам авж олди. Таклиф этилаётган қоида ва тартиблар кўпчиликка маъқул келган бўлса-да, айрим кишилар буни эркинликни чеклаш, деб атади, баъзилар бу қарор юртимизга келадиган сайёҳлар оқимига салбий таъсир кўрсатади, деди. Қачондан бошлаб, инсон эркинлиги алкоголли маҳсулотларнинг туну кун савдоси билан боғлиқ бўлиб қолди? Ёки хорижлик сайёҳ туни билан спиртли ичимлик ичиш учун юртимизга келадими? Йўқ, албатта. Борди-ю шундай истакдаги турист бўлса, унга ҳам бу борада чеклов йўқ (лойиҳада белгиланаётган чекловлар меҳмонхоналар, махсус туризм зоналаридаги савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарига татбиқ этилмаслиги қайд этилган).

Туризм жадал ривожланиб бораётган араб давлатларида, Туркия, Хитой, Малайзия, Индонезияда алкоголли маҳсулотлар билан савдо қилиш бўйича барча амал қилиши шарт бўлган қатъий белгиланган қоидалар бор. Лекин бу мамлакатларда туристлар оқими йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Ёки Европанинг ривожланган мамлакатларида ҳам бу борада ҳамма ўзи истаганидек йўл тутмайди. Спиртли ичимликни қўя туринг, ҳатто белгиланмаган жойда сигарет чеккан турист бунинг учун жарима тўлашга мажбур.

Бугун юртимизда зиёрат туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки, юртимизда дунё аҳли ҳеч бўлмаганда бир марта кўришни орзу қиладиган муқаддас қадамжоларимиз бисёр. Бу масканларни зиёрат қилиш учун келадиган сайёҳни алкоголь маҳсулотларининг эркин савдоси эмас, халқимизнинг бой маданий меросимизга муносабати, маънавияти кўпроқ қизиқтиради. Шу нуқтаи назардан спиртли ичимликларнинг чекланмаган савдоси, тунги барларнинг фаолиятидан чет элликлар эмас, ўзимиздаги айрим тоифалар кўпроқ манфаатдор, десак тўғри бўлади.

Энди алкоголь маҳсулотларининг туну кун савдосининг жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳитга, кундалик ҳаётимизга таъсирига бир эътибор қаратайлик. Ичкиликка мойил кишилар кўп бўлган маҳаллада уруш-жанжал ҳам, келишмовчиликлар ҳам кўп бўлишини ҳаммамиз яхши биламиз.

Жорий йилнинг апрель ойида Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида 40 ёшли аёл маст ҳолатда қўшнисини пичоқлаб ўлдириб қўйди. Ушбу қотилликни юзага келтирган сабаб ва оқибатлар кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этилганда шу уйда яшовчилар ҳудуд яқинидаги спиртли ичимликлар дўконларининг тунги вақтда ишлашини чеклаб қўйишни сўрашди.

Ўтган йил Пайариқ туманидаги маҳаллада содир этилган жиноят тафсилотларини ўрганиш учун борганимизда ҳам аҳоли бу жиноят ва ҳуқуқбузарликларни шу ҳудуддаги учта савдо дўконида ноқонуний равишда спиртли ичимликлар сотилиши билан боғлаган эди.

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг етти ойида вилоятда содир этилган жиноятларнинг 33 таси мастлик оқибатида юзага келган. Улар орасида турли даражадаги жиноятлар бор. Жамоат жойларида спиртли ичимлик истеъмол қилиш ва у билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар эса 19 минг 643 тани ташкил этган.

Юқоридаги ҳолатлар ва рақамларнинг ўзи ҳар биримизни ҳушёр торттириши керак эмасми? Алкоголь маҳсулотлари савдоси ҳақида гапирар эканмиз, ичкилик оқибатида пароканда бўлган оилалар, аянчли тақдирларни ҳам бир кўз олдимизга келтирайлик. Жамиятдаги воқеа-ҳодисаларга муносабат билдиришда шахсий фикр бўлса-да у кўпчилик учун дахлдор эканлигини унутмасак яхши бўларди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
8 428