На қишлоқмиз, на шаҳар...
ФОТОТАНҚИД. Гапни ўтмишдан бошламай, пўст калласини айтиб қўя қолинг, дейсизми? Хай, майли, унда эшитинг.
ёхуд Жиззах вилоятининг “нейтрал зона”сидаги “Номсиз” кўча нолалари
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг худди шу сарлавҳали шеъри бор. Неча йил муқаддам ёзилган ушбу шеър айнан Жиззах вилоятининг бугунги баъзи ҳудудлари ҳолатига атаб ёзилгандек. Буюклар узоқни кўра олади, деганлари шумикан ё?
Гапни ўтмишдан бошламай, пўст калласини айтиб қўя қолинг, дейсизми? Хай, майли, унда эшитинг. Жиззах шаҳрининг қоқ марказидан Шароф Рашидов туманига олиб чиқадиган бир нечта йўл бор. Улардан биттаси шаҳарликлар томонидан Сарвар Азимов деб номланувчи, туманликлар томонидан Шавкат Бобоев деб аталувчи, шу ерда яшовчилар тилида эса “Эски 8-автобус қатнаган йўл” деб юритилувчи кўчани назарда тутаяпмиз. Қаерлигини англагандай бўлаяпман, дейсизми? Ҳа, яшанг. Худди сиз англаган, ўша илгари “Оқ бозор” номи билан машҳур бўлган ва пештоқида ишламайдиган соати танқид қилинавериб, қилинавериб, охир олиб ташланган объектдан бошланувчи икки қатновли, шоҳ кўчалар сирасига кириши керак бўлиб, аммо кирмай қолган кўчани айтяпмиз.
Аслида гап бу кўча ҳақида эмас, шу кўча билан кесишган, на шаҳарга ва на туманга қарашли бўлган “Номсиз” кўча ҳақида эди. Лекин гапни икки кишининг номи берилган битта кўчадан бошладикми, келинг, шу кўча ҳақида ҳам икки оғиз тўхтаб ўтайлик.
Икки ярим йил муқаддам Жиззах шаҳрида касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчилари ўртасида “Баркамол авлод” спорт мусобақалари ўтказилган эди. Ана шу беллашувлар баҳона шаҳарнинг бошқа ҳудудлари сингари Сарвар Азимов ёки Шавкат Бобоев (қайси маъқул бўлса, шуниси билан атайверинг) кўчасида улкан ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Икки қатновли йўлнинг ўртаси бузилиб, арча, гул кўчатлари экилди, диот лампали тунги ёритгичлар ўрнатилди. Ҳозирги ИИБ қошидаги Жиззах академик лицейи ҳудудидан, йўл ўртасига экилган гул ва арчаларни суғориб туриш мақсадида артизан қудуқ қазилиб, 170 метр чуқурликдан сув чиқарилди.
Жуда хайрли ўйланган экан-ку, дейсизми. Тўғри, лекин қудуқнинг суви чиқарилдию, арча ва гулларгача қувур ҳам тортилмай, шу бўйича, сув чиққан қувурга пона урилиб, маҳкамлаб қўя қолинди.
Нима учун, шунча иш қилиниб, арзимаган қувур тортишга маблағ етмай қолдими, деган хаёлга бордингиз-а? Йўқ, унақа эмас. Фақат бу вақтда мусобақалар якунланиб бўлган эди-да.
Энди, икки кишининг номи билан аталувчи бу кўча ноласига шу ерда мухтасар ясаб, гапни мақола дебочасида тўхталган “Номсиз” кўчадан эшитсак.
Кўчанинг чап тарафи, яъни лицей жойлашган томон – Жиззах шаҳрига, ўнг томони эса Шароф Рашидов туманининг “Зиёкор” қишлоқ фуқаролар йиғини Совунгарлик маҳалласига қарашли. Бундан келиб чиқадики, ушбу “Номсиз”, шу ерда яшовчилар тили билан айтганда, “Янги участкалар” кўчаси “нейтрал зона”да жойлашган, яъни эгасиз. Эгасизлик эса яхши эмас. Агар шундай бўлса, аҳвол сиз суратларда кўриб турганингиздек бўлади.
“Номсиз” кўчадаги бу пасту баланд қирларни қадим замонлардан қолган бўлса керак, деб ўйламанг. Ҳар қалай у даврларда бетону асфальт, маиший чиқиндию яроқсиз пластмасса идишлар, баклашкалар бўлмагандир ахир?!
– Шу ердан жой олиб,кўчиб чиққанимга 15 йил бўлиб қолди, – дейди “Номсиз” кўчада яшовчи фуқаро Жаббор Орзиқулов. – Йўлнинг нариги тарафида, эски ҳовлиларда яшовчилар тун бўлдими, чиқиндиларини шу кўчага ташишни бошларди. Чиқиндини ҳовлимизнинг яқинига тўкиб кетмасин, деб эр-хотин “қоровуллик” қилардик. Ён қўшним кўчиб келгач, “штатсиз қоровуллар” сони яна 2 тага кўпайиб, чиқиндиларни ўзимизнинг ҳудуддан анча узоқлаштиргандик...
–“Жиззах йўл қурилиш” деган ташкилот кўчамизга турли қурилиш, маиший ва бошқа чиқиндиларни машина-машина олиб келиб тўкавериб, росмана чиқиндихонага айлантирди, – дейди “Номсиз” кўчада яшовчи бошқа фуқаро Қундуз Умматова. – “Нега бу ерга чиқинди тўкаяпсизлар? Қайтага кўчанинг икки томонига 2 та чиқинди қути қўйиб беринглар”, десак, - “Опа бу кўча бизнинг захира еримиз. Тўккан ана шу шағалу тупроқларни бошқа ковланган жойларга солиш учун олиб кетишимиз билан бу ерларга тунги ёритгичлар ўрнатиб, ойнадек текис асфальт ётқизамиз”, – дейишди. Бунга ҳам анча бўлди. Аммо аҳволни ўзингиз кўриб турибсиз. Биз соддалар шунга ишонибмиз-ей.
Мана 3 йил бўлаяптики, “Номсиз” кўчадаги чиқинди тепаликлари сони ортса ортаяпти, баландлашса баландлашаяпти, аммо чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш, бу жойга асфальт ётқизишдан дарак йўқ.
Бу “нейтрал зона”да аҳолини қийнаётган муаммоларни қайси масъул бартараф этаркин?
Жиззах шаҳри мутасаддиларими ёки Шароф Рашидов тумани раҳбарлари?
Ёки “нейтрал зона” нейтраллигича, на шаҳару на қишлоқ бўлиб қолаверармикан-а?