Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.07.2018 17:13 Чоп этиш версияси

На бузилади, на тузилади

№ 54 .Эски Шахар.jpg

Муҳаббат ТОШПЎЛАТОВА,
"Эски шаҳар" МФЙ раиси:


– Маҳалла раиси сифатида иш бошлаганимга эндигина уч ой бўлди, унгача маслаҳатчи лавозимида ишлаганман.

Маҳалламизда 2000 га яқин оила истиқомат қилади. Биттагина эски мактаб имконияти эса қониқарли эмас. Форобий, Озод, Кўксув, Лангар, Қизилтуп, Пахта, Жонон кўчалари болалари спорт майдончаси йўқлигидан қийналишади. Айни вақтда ёзги таътил бўлгани учун майдонча ҳар қачонгидан-да зарур. Ўзингиз бир ҳисоблаб кўринг, битта тупикда 15-20 та бола бор. Биргина Хоразмий кўчасида 8 та тупик бўлиб, бу дегани бир кўчанинг ўзида 150-160 бола спорт майдончасидан фойдаланиш имкониятидан бебаҳра.

Бундан ташқари, маҳалламизда ичимлик суви босими жуда паст бўлиб, бу ҳақда туман «Сувсоз»га кўп бора мурожаат қилдик. Канализация тизимида ҳам муаммолар бор.

Маҳалламиз ҳудуди бузилиб, янгидан бунёд этилади дейилганидан сўнг камчиликлар бартараф этилиши сусайди. Маҳалладаги 160 дан ортиқ ёғоч симёғочларни алмаштириш, қийшайиб яроқсизга чиқаётганларини тузатиш керак.

Лангар кўчасининг маҳалламизга қарайдиган 500 метрча қисми ичидаги берк кўчалари асфальт қилинмаган. Неча бора масъулларга мурожаат қилдик. Кейин эшитишимизча бузиладиган ерга давлат маблағи ортиқча исроф қилинмаслиги керак, дея асфальт қилинмаётган экан. Шундан сўнг, ўзимизнинг ички имкониятимиздан келиб чиқиб, 200 метрча жойини аҳолидан пул йиғиб тузатдик. Қачон бузилиши эса номаълум. Ҳеч бўлмаса, аниқлик ҳам киритилмаяпти. Қисқа қилиб айтганда, на бузилади на тузилади. Маҳалламизда битта хонадонда 4-5 та оила яшаётганлар кўп.

Маҳаллада тез-тез сув, чироқ ўчиши асосий муаммо.

Маҳалламиз аҳолиси кўп миллатли бўлиб, эрта-индин барибир бузилади, дея одамлар уйларига қарамай, таъмирламай қўйишган. Шу боис тезроқ маҳалла қурилиши Давлат дастурига киритилишидан умидвормиз.

Маҳалламизда дабдабабозликка берилган, катта тўй қилиб исрофгарчиликка йўл қўяётганлар деярли йўқ. Аҳолининг катта қисми ўртаҳол кун кечиради ва ихчам тўй қилиш уларга ҳар томонлама қулай.

Маҳалламизда йил бошидан бери бирорта ажрим ёки ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилмади.

ЎзА
3 547