Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

27.08.2018 17:25 Чоп этиш версияси

Нўш ва Қўнғирот – ободлик сари

Нўш ва Қўнғирот – ободлик сари
Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!

Жорий йилда Самарқанд вилоятида “Обод қишлоқ” дастури асосида 28 қишлоқни замонавий қиёфага келтириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш режалаштирилган.

Айни пайтда ҳудудларда янги бино ва иншоотлар, равон йўллар кўзга ташланиб қолди. Жомбой туманидаги Нўш ва Қўнғирот қишлоқларида бунга ўзимиз ҳам амин бўлдик.

Туман марказидан 10 чақиримча юргандан сўнг Нўш қишлоғига кириб борар эканмиз, йўл четининг ковлангани эътиборимизни тортди.

– Қишлоққа ичимлик суви тармоғи тортиляпти, – деб изоҳ берди ҳамроҳимиз, Жомбой тумани уй-жой коммунал хизмат бўлими бошлиғи Маҳмуд Абдураҳимов.

– Нима, шу пайтгача бу ерда ичимлик сув тармоғи бўлмаганми, аҳоли қандай сув ичган? – сўраймиз ҳайрон бўлиб.

– Аксарият хонадонлар ўзи қудуқ қазиб, насос ўрнатиб сув чиқарган. Мактаб, боғчаларда ҳам шу сувдан фойдаланилган. Шу сабабли дастурда аввало, қишлоқда артезиан қудуғи қазилиб, 5,4 километр масофага сув тармоғи тортиш режалаштирилди. Ҳозир шу иш бажарилмоқда. Шу пайтгача аҳоли ер остидаги дастлабки қатламларнинг сифати кафолатланмаган сувидан истеъмол қилган бўлса, эндиликда 50 метр чуқурликдан тоза сув чиқарилади.

Қудуқ қазилаётган жойда тўхтадик. Махсус техникалар шитоб билан ишламоқда. Атроф девор билан ўралиб, электр тармоғи тортилган, сув минораси ўрнатиш ишлари якунига етмоқда. Бир-икки кунда ишни якунлаймиз, дейди бурғуловчилар.

Қишлоқдаги 8-умумий ўрта таълим мактабида ҳам капитал таъмирлаш ишлари якунланиб, сўнгги пардозлаш юмушлари бажарилаётган экан.

– “Обод қишлоқ” дастури туфайли мактабимиз ҳам обод бўлди, – дейди муассаса директори Дилшода Ўролова. – 754 миллион сўм маблағ сарфланиб, бино томи янгидан ёпилди, синфхоналарга замонавий эшиклар ўрнатилди, иситиш тизими янгиланди. Спорт зали ва 10 дан ортиқ синфхоналар поли алмаштирилди. Шу пайтгача мактаб ҳудуди очиқ эди. Энди атроф девор ва темир панжара билан ўралди. Мактабимиз қишлоғимизнинг обод қиёфасига мос таъмирланди. Янги ўқув йилини замонавий бинода бошлайдиган бўлдик.

13.JPG

Мактаб ёнидаги 27-мактабгача таълим муассасаси ҳам мукаммал таъмирдан чиқарилмоқда. 50 ўринли муассаса реконструкция қилиниб, қўшимча бинолар қурилиши ҳисобига келгусида бу ерда 100 нафар бола таълим-тарбия олиши учун зарур шароит яратилмоқда.

Қишлоқ марказида 10 дан ортиқ савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, ҳаммом ва бошқа инфратузилма объектлари қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда.

– Бу биноларни қишлоғимиз тадбиркорлари бунёд этмоқда, – дейди “Нўш” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нурбек Тожинуров. – Аҳоли билан кенгашиб, қайси турдаги савдо ва маиший хизмат шохобчаларига эҳтиёж борлигини аниқладик ва қишлоқ марказидаги бўш жойни тадбиркорларга ажратиб бердик. Белгиланган лойиҳа асосида улар қурилиш ишларини олиб бормоқда. Тадбиркор йигитларимиздан бири банк кредити асосида замонавий ҳаммом қурмоқда. Ушбу масканлар ишга тушса, қарийб 100 киши доимий иш ўрнига эга бўлади.

Қишлоғимизда мавжуд 569 хонадон ҳам аҳоли томонидан замонавий лойиҳа асосида таъмирланмоқда. Фақатгина 51 та ҳовлини таъмирлашда ҳомийлар ёрдами зарур эди. Бу ишни ҳам маҳалламиздаги тадбиркор ва фермерлар кўмагида, ҳашар йўли билан бажаришга ҳаракат қиляпмиз. Ҳозиргача 30 га яқин шундай уй таъмирдан чиқарилди. 33 оила эса уйини янгидан қурмоқда. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 5 та подстанция таъмирланиб, қишлоқнинг чекка ҳудудларига янги тармоқлар тортилди. Эски симёғочлар янги бетон тўсинларга алмаштирилмоқда. Дастур асосида аҳолига 200 га яқин газ баллони тарқатилиб, барча хонадонларни суюлтирилган газ билан таъминлаш имконияти яратилди.

Дастурда қишлоқдаги 14 километр йўлни таъмирлаш кўзда тутилган. Ҳозиргача ички йўлларнинг асосий қисмига қум-шағал тўшалган бўлса, 2,5 километр масофада асфальтлаш ишлари якунланган.

– Қишлоғимизнинг кун сайин ўзгариб бораётгани барча маҳалладошларимизни аввало, ўз уйи ва унинг атрофини обод қилишга ундамоқда, – дейди шу қишлоқда яшовчи Исроил Шодиев. – Замонавий мактаб ва боғча қурилиши, ичимлик суви тармоғи тортилиши, йўлларнинг асфальт бўлиши ҳар биримизни шу бунёдкорликларга мос ҳаёт кечиришга чорлайди-да. Насиб этса, бир-икки ойда қишлоғимиз таниб бўлмас даражада обод бўлади, ҳаётимиз ўзгаради. Бунинг учун Президентимиздан, давлатимиздан миннатдормиз.

Қишлоқнинг яқинда асфальт қилинган равон йўлидан навбатдаги манзил – Қўнғирот маҳалласи томон йўл олдик. Илгари ярим соат-қирқ минутда бориладиган манзилга 15 минутга қолмай етдик.

Ғўбдин тоғи этагида жойлашган олти қишлоқдан иборат ушбу маҳалладаги Қўнғирот қишлоғида ҳам “Обод қишлоқ” дастури ҳаётга татбиқ этилмоқда.

– Биргина бизнинг қишлоғимизда 480 га яқин оила бўлиб, 2100 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, – дейди “Қўнғирот” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бурхон Кўчимов. – Уларнинг асосий қисми фермер хўжаликларида ишлайди. Томорқасида деҳқончилик қилиб, қўшимча даромад топаётганлар ҳам кўп. Дастурни амалга оширишга киришилганда уйма-уй юрилиб, ҳар бир оиланинг турмуш тарзи ўрганилди. Уларнинг дарду ташвиши эшитилди. 100 га яқин оила тадбиркорлик қилиш истагини билдириб, банкдан имтиёзли кредит оладиган бўлди.

Маҳалла оқсоқоли ҳамроҳлигида қишлоқни айландик. Хонадонларда қурилиш-ободонлаштириш ишлари авжида. Бу юмушни уй эгаларининг ўзи бажармоқда. Кўп хонадонлар эса таъмирлаш ишларини якунлаб, ҳовли атрофини саранжом-саришта қилиб қўйган.

Эски қишлоқ врачлик пункти реконструкция қилиниб, ёнидан қўшимча бино қурилмоқда. 100 қатновга мўлжалланган муассасани йил якунига қадар фойдаланишга топшириш кўзда тутилган. 50 ўринли мактабгача таълим муассасасида эса пардозлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилаётган экан.

Дастур асосида бунёд этилган 75 ўринли замонавий мактабгача таълим муассасаси ва 20 ўринли ҳаммом бугун қишлоқ аҳолиси хизматида. Таъмирланиши белгиланган 14,3 километрлик ички йўлларнинг 2,5 километрига асфальт ётқизилибди. Айни пайтда бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

335 нафар бола таълим-тарбия оладиган 9-умумий ўрта таълим мактабида шу пайтгача спорт зали бўлмаган. Янги ўқув йилида эса уларга замонавий спорт зали энг катта совға бўлиши шубҳасиз. Бундан ташқари, мактаб иссиқлик тизими янгиланиб, бино атрофи ўралди.

– Қишлоқларни дастурга киритишда ҳудуд инфратузилмаси, аҳоли турмуш тарзи, одамларни қийнаётган муаммолар ўрганилган ҳолда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланмоқда, – дейди Жомбой тумани уй-жой коммунал хизмат бўлими бошлиғи Маҳмуд Абдураҳимов. – Нўш ва Қўнғирот қишлоқларини танлашда ҳам барча жиҳатлар ҳисобга олиниб, лойиҳалар ишлаб чиқилган эди. Лекин қурилиш-ободонлаштириш ишлари давомида ҳам айрим муаммолар, ечимини кутаётган масалалар пайдо бўлса, уларни ҳам бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Ҳозир икки қишлоқ учун ҳам зарур миқдордаги маблағ ажратилиб, ижтимоий соҳа объектлари қурилиши, коммунал соҳадаги юмушлар, йўлларни таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. Аҳоли хонадонлари ҳам тасдиқланган лойиҳалар асосида таъмирланмоқда. Бу борада эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳозирда 2019 йилда дастурга киритиладиган қишлоқларни аниқлаш бўйича иш олиб борилаётир.

Қўнғиротдан қайтар чоғимиз оқсоқоллардан бири ҳазиломуз гап айтди: “қишлоғимиз йўлини эслаб қолинглар, кейинги гал келганингизда бу ерлар шаҳардек бўлиб кетади, адашиб кетманглар, тағин”.

Ҳа, “Обод қишлоқ” дастури асосида олиб борилаётган ишлар туфайли қишлоқларимиз шаҳар қиёфасига кирмоқда. Муҳими, қишлоқларимиз аҳолиси юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари уларнинг-да ҳаётини эртага эмас, бугун ўзгартираётганини ҳис қилмоқда. 

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА
3 489